Жером Сэлинжернинг “Жавдарзордаги халоскор” романи 1945—1946 йилларда серияли шаклда қисман нашр қилинган, 1951 йили алоҳида китоб бўлиб чиққан. Асар кўплаб тилларга ўгирилган. Шу кунгача 65 миллион нусхада сотилган. 2005 йил “Time” журнали асарни 1923 йилдан бошлаб инглиз тилида ёзилган 100 та энг яхши романлар рўйхатига киритган. “Modern Library” нашриёти эса романни XX асрнинг 100 та энг сара асарлари қаторидан жой олишга лойиқ топган. 2003 йил Би-би-сининг “The Big Read” (“Энг кўп ўқилган”) сўровномасида у 15-ўринни эгаллаган. Асарда бепарда сўзлар кўп учрагани боис, бир қанча мамлакатларда, жумладан, АҚШ мактабларида ҳам кейинчалик танқидга учраган ва узоқ йиллар нашр этилиши тақиқланган. “Жавдарзордаги халоскор” кўп бора цензурага учраган бўлишига қарамай, АҚШ мактабларида энг кўп ўқитилган асарлар рўйхатида 2-ўринда туради (1-ўринни Жон Стейнбекнинг “Сичқонлар ва одамлар ҳақида” новелласи эгаллаган). Асарнинг бош қаҳрамони Ҳолден Колфилд ўсмирларнинг саркашлиги, исёни тимсолига айланишга улгурган. Роман, шунингдек, маъсумлик, асллик, ўзлик, йўқотиш, дахлдорлик, интим ва тушкунлик каби мураккаб масалаларга ҳам тегиб ўтади. Жером Дэвид Сэлинжер 1919 йил 1 январда Нью-Йоркда туғилган ва 2010 йил 27 январда Нью-Ҳэмпшир штати Корниш шаҳрида вафот этган. Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилингунга қадар “Story” ва “The New Yorker” журналларида бир неча ҳикоялари чоп этилган. Аммо 1951 йил босиб чиққан “Жавдарзордаги халоскор” романи уни машҳур қилди. Нашрдан чиққач 2 ой муддатда оммалашиб кетган романда 16 ёшли ўсмир йигитнинг ўй-хаёллари, атрофидагиларнинг мунофиқлиги ва сохталикларидан безорлиги, ҳаётга бўлган очиқ муносабати ёритилган. Муаллифнинг ўзи 1953 йилги интервьюсида романни қисман автобиографик деб атаган.