Сармоядор. Теодор Драйзер

Читать онлайн книгу.

Сармоядор - Теодор Драйзер


Скачать книгу
бўлаётгандик. Сиз эса кутилмаганда бундай деб ўтирибсиз. Жин урсин, ахир бизнинг ишимизда яхши пул қилиш мумкин.

      – Биламан, тўғри, – жилмайиб жавоб берди Каупервуд, – бироқ бу иш менга ёқмаяпти. Менинг бошқа режаларим бор. Ўзимни нон-комиссион ишига бағишламоқчи эмасман.

      Ўзи муваффақиятга эришган иш нима учун Фрэнкни қизиқтирмаслигини жаноб Уотермен ҳеч тушуна олмаётганди. Бунинг устига, у Фрэнкнинг кетиши ишларига зарар келтиришидан ҳам хавфсираётганди.

      Каупервуд тез орада янги иши унга кўпроқ ёқаётганига амин бўлди – у ҳам енгил, ҳам фойдалироқ эди. Биринчидан, “Тай энд Компани” фирмаси ўша пайтларда ва яна кўп йиллар ўтиб ҳам маҳаллий молия дунёсининг маркази бўлган Учинчи кўчадаги олтмиш олтинчи уйда, тошдан қурилган чиройли яшил-кулранг бинода жойлашганди. Унинг ёнгинасида нафақат Америкада, балки ундан ташқарида ҳам машҳур бўлган “Дрексель энд Компани”, Учинчи Миллий банк, Биринчи миллий банк ва фонд биржаси ҳамда бошқа ана шу турдаги ташкилотлар жойлашган. Яна шу атрофда йигирмага яқин майдароқ банк ва бошқа биржа конторалари ҳам бор эди.

      Фирманинг боши ва мияси бўлган Эдвард Тай асли бостонлик бўлиб, бу эскиликка ёпишиб олган шаҳарда ишлари юришиб бойиб кетган ирландиялик муҳожирнинг ўғли эди. Жаноб Тайни Филадельфияга тортган нарса бу ерда чайқовчилик қилишга кенг имкониятлар борлиги эди. “Бу ер қулоғи динг одам учун энг тўғри келадиган жой”, – дерди у енгил ирландча акцент билан дўстларига. Ўзини эса худди шундай уддабурон одам деб ҳисобларди. У тўлароқ, ўрта бўйли эркак бўлиб, сочлари эрта оқарганди. Тай табиатан қувноқ ва кўнгилчан, айни пайтда эса ўзига ишонган ва мағрур инсон эди. Юқори лаби устида калта қилиб кесилган оқ мўйлови тиккайиб турарди.

      – Бу пенсильванияликлар билан фақат муаммо бўлади, – кўчиб келганидан сўнг сал ўтиб шикоят қилди у. – Ҳеч қачон нақд тўлашмайди, нуқул вексель тиқиштиришади.

      У пайтларда Пенсильванияда ва ўз-ўзидан Филадельфияда ҳам штат бой эканига қарамай, кредитнинг нархи жуда паст эди.

      – Агар иш урушгача борадиган бўлса, – деди жаноб Тай, – у ҳолда бутун пенсильванияликлар тушлик овқат ҳақини ҳам векселда тўлай бошлашади. Агар икки аср яшаганимда, Пенсильвания векселлари ва мажбуриятларини сотиб олиб, бойиб кетган бўлардим. Тўғри, улар қачондир келиб бойиб кетишади, бироқ бу шунчалик секинлик билан бўляпти! Улар қарзларининг ҳеч бўлмаганда фоизини тўлагунларича мен бечора қабрда ётган бўламан!

      Жаноб Тай янглишмаётганди. Штат ва шаҳарнинг молиявий ҳолати ўта аянчли аҳволга тушганди. Штат ҳам, шаҳар ҳам етарли даражада бой эди, бироқ истаган одам давлат ғазнасини хоҳлаганча талон-торож қилар, штатдаги ҳар бир янгилик учун янгидан-янги облигациялар босиб чиқариш талаб қилинарди. “Мажбуриятлар” дея аталаётган бу облигацияларнинг йилига олти фоиз кафолати бор эди, бироқ фоизларни тўлаш керак бўлганда шаҳар ёки штат ғазначиси кўрсатилган сана билан муҳр босар ва “мажбурият” бўйича фоизлар шу кундан бошлаб фақат номиналга эмас, йиғилиб қолган фоизларга ҳам қўшиб ҳисобланарди.


Скачать книгу