Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси. Стивен Кови
Читать онлайн книгу.Одатда, хариталарнинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз; чунки уларнинг мавжудлигидан деярли бехабар бўламиз. Бирор воқеликни кўраётганда, у ростдан ҳам шундайлиги ёки шундай бўлиши кераклигини тахмин қиламиз, холос.
Ана шу тахминлардан эса воқеликка муносабатимиз ва хатти-ҳаракатимиз шаклланади. Бундан келиб чиқадики, фикрларимиз ва ҳаракатларимизнинг бош манбаи вазиятни қандай идрок этишимиз ҳисобланади.
Мавзуни давом эттиришдан аввал, сизни ақлий ва ҳиссий тажриба ўтказишга таклиф қиламан. Бир неча сония вақт ажратиб, қуйидаги суратга назар солинг.
Энди эса келаси расмга эътибор қилинг ва нима кўрганингизни диққат билан тасвирлаб беринг.
Хўш, кимни кўрдингиз? Аёл кишиними? Унинг ёши нечида деб ўйлайсиз? Ташқи кўриниши қандай? Эгнида қандай кийим бор? Уни қандай образда тасаввур қиласиз?
Ҳойнаҳой, иккинчи расмни кўриб, тахминан, 25 ёшдаги жуда ёқимтой, одмироқ кийинган, нафосатли, бурни хушбичим аёлни тасвирласангиз керак. Агар бўйдоқ бўлсангиз, аёлни учрашувга таклиф қилишингиз мумкин. Аёллар либослари билан шуғулланувчи тадбиркор бўлсангиз, уни модель образида кўрарсиз эҳтимол.
Аммо, лекин, бироқ… Сизга «Ноҳақсиз», десам, ишонасизми? Бу камида 60-70 ёшли жуда ғамгин, бурни узун кампирнинг сурати, у модель бўлишга ярамайди, аксинча, ёрдамга муҳтож десам-чи?
Бу ерда ким ҳақ? Расмга яна бир назар солинг. Кампирни кўряпсизми? Агар жавобингиз йўқ бўлса, яна уриниб кўринг.
Кампирнинг узун бурнини илғадингизми? Шол рўмолини-чи?
Агар иккимиз юзма-юз гаплашаётган бўлганимизда, суратни муҳокама қилиб, унда нима кўрганимизни бирбиримизга тасвирлаб берардик. Сиз менга, мен сизга нима кўрганимизни аниқ исботламагунча тортишув давом этиши турган гап эди.
Ҳозир бунинг иложи йўқлиги туфайли марҳамат қилиб галдаги расмни синчиклаб текширинг. Сўнг тепадаги расмга қайта эътибор қаратинг.
Энди пайқадингизми қария аёлни? Ўқишни давом эттиришдан аввал, уни кўришингиз ўта муҳим. Бу машққа мен бир неча йиллар муқаддам Ҳарвард Бизнес Мактабида дуч келганман. Ўқитувчимиз бир хил нарсани кўрган икки одам мудом баҳслашиши, лекин аслида иккиси ҳам ҳақ бўлиши мумкинлигини кўрсатиш учун ундан фойдаланганди. Кўпчилик мантиқий деб ўйлаган ушбу машқ аслида психология билан боғлиқ эди.
Ўшанда, ўқитувчи хонага катта ҳажмдаги бир талай карта олиб келганди. Карталарнинг ярмида сиз 19-саҳифада кўрган ёш аёл, қолган қисмида эса ўша саҳифада кўрганингиз иккинчи тасвир – қари кампир тасвири бор эди.
Ўқитувчи хонадаги талабаларни икки гуруҳга бўлди. Сўнгра биринчи гуруҳга ёш аёл, иккинчи гуруҳга кампир акс этган карталарни тарқатгач, биздан ўн сония мобайнида суратга диққат билан тикилишимизни айтди. Керакли вақт ўтгач, карталарни қайтариб олди ва катта экранда 20-саҳифадаги расмни кўрсатди. Ўқитувчи биздан экранда нима кўраётганимизни тасвирлаб беришни сўради. Шунда