Ибтидо. Дэн Браун
Читать онлайн книгу.– хитоб қилди Кирш дабдурустдан ортига ўгирилиб, – ишончим комил, руҳоний Вальдеспино махфийлик ҳақидаги илтимосимни аллақачон сизларга етказган. Суҳбатимизни давом эттиришдан аввал аниқлаштириб олишни истардимки, ҳозир сиз билан бўлишмоқчи бўлган гапларимнинг бари мутлақо сир тутилмоғи даркор. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, орамизда бўлғуси гаплар ҳақида чурқ этмасликка қасам ичишингизни сўрайман. Келишдикми?
Учала эркак сўзсиз бош ирғади. Кирш қасам ортиқча эканини ҳис қилди. “Буюк зотлар бу хабарни, шаксиз, ўзлари билан гўрига олиб кетишни афзал билишади, овоза қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.”
– Ушбу учрашувдан мақсад, – сўз бошлади Кирш, – яқинда қилган илмий кашфиётим ҳақида хабар бериш эди. Янгилигим сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман. Инсоният ҳаётининг асоси бўлган икки саволга жавоб олиш учун камина узоқ йиллар мобайнида изланиш олиб бордим ва ниҳоят, муваффақиятга эришдим. Мен атайдан ёнингизга ташриф буюрдим, чунки бу хабарим дунё художўйларига кучли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъбир жоиз бўлса, кашфиётим диндорлар учун улкан бурилиш ясаб, уларнинг эътиқодига путур етказиши эҳтимоли юқори. Айни дамда сизларга айтмоқчи бўлган маълумотимдан хабардор ер юзидаги ягона тирик жон ўзимман.
У гапини тугатиб, костюмининг чўнтагига қўл суқди ва смартфон чиқарди. Бошқа қўл телефонларига қараганда анча йирик бўлган бу смартфонни Киршнинг шахсан ўзи ясаган бўлиб, махсус эҳтиёжлар учун хизмат қиларди. Ёрқин рангли мозаика кўринишида бўлган телефонни у бир ҳаракат билан кичик телевизор шаклига киритди ва ҳурматли зотларнинг рўпарасига жойлаштирди. Йигит телевизорда жонли тақдимотини кўрсатиш учун ўта даражада ҳимояланган серверга уланиб, қирқ етти белгидан иборат кодни теришга ҳозирланди ва гапида давом этди: – Ҳозир кўрсатмоқчи бўлган нарсам – тахминан бир ойдан кейин бутун жаҳонга ошкор этилажак янгилигимнинг бир қисми. Лекин бу хабарни улашишдан олдин дунёга таъсири кучли дин пешволари билан маслаҳатлашишга қарор қилдим. Чунки кашфиётимдан энг кўп таъсирланадиган кишилар қандай муносабат билдириши билан қизиқдим.
Руҳоний уф тортиб юборди. Унинг сасида хавотир эмас, балки зерикиш зоҳир эди.
– Интригага гап йўқ, жаноб Кирш. Кўрсатажак маълумотингиз дунё динлари асосини титратиб юборадигандек гапиряпсиз гўё.
Кирш нигоҳини атрофдаги муқаддас қўлёзмаларга қаратди ва ўйлади: “Кашфиётим динларингиз асосини титратмайди, балки бутунлай чилпарчин қилади.”
Йигит қарияларга маъноли тикилди. Муҳтарам зотлар, аслида Кирш оламшумул кашфиётини атиги уч кундан кейин, барчани лол қолдирадиган даражада пухталик билан ташкилланган томошада оммага ошкор қилмоқчилигини қаердан ҳам билишарди?! Шу иш амалга ошгандан сўнг одамлар ер юзидаги динлар, қанчалик хилма‐хил бўлмасин, ягона умумий хусусиятга эга эканини англаб етади. Яъни динларнинг барчаси тамоман янглиш экани инсониятга ошкор бўлади.
Биринчи боб
Профессор Роберт Лэнгдон майдондаги бўйи