Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн книгу.тегар, гувернантка билан репетитор йигитнинг тортинчоқ қиёфалари ҳушига ёқмас, ўзини «уни» деган олмош билан атаганлари эса жонини чиқарарди… Нехлюдов Миссига нисбатан ҳамма вақт икки хил муносабат ўртасида иккиланарди: баъзида кўзини қисиб қараган вақтидагидек ёки ойдин кечадагидек унда фақат гўзалликни кўрарди: Мисси унинг назарида ҳам навқирон, ҳам чиройли, ҳам ақлли, ҳам табиий бўлиб кўринарди… Баъзида эса, худди офтоб ёруғида кўргандек, Миссининг нуқсонлари кўзига яққол ташланар, нуқсонларини кўрмай қололмас эди. Бугун унинг учун худди шундай кун эди. Бугун у қизнинг бетидаги барча ажинларни кўрар, унинг сочи жингалак қилинганини билиб турарди; Нехлюдов қизнинг тирсаги туртиб чиқиб турганини кўрар, айниқса, бош бармоғининг тирноғи отасиникига ўхшаш ялпоқ экани яққол кўринарди.
– Ўлгудай бўлмағур ўйин, – деди Колосов теннис ҳақида гапириб, – ундан кўра биз ёшлигимизда ўйнаган копток ўйини яхшироқ эди.
– Йўғ-е, ўйнаб кўрмагансиз-да. Жуда қизиқ ўйин, – деб эътироз билдирди Мисси, Нехлюдовнинг назарида у «жуда» сўзини ғайритабиий талаффуз этгандек кўринди.
Шу билан баҳс бошланиб кетди. Бу баҳсда Михаил Сергеевич ҳам, Катерина Алексеевна ҳам иштирок этди. Фақат гувернантка, репетитор ва болалар жим ўтиришарди. Улар, афтидан, зерикиб қолишган эди.
– Доим баҳслашганлари баҳслашган! – деди кекса Корчагин хахолаб. У салфеткасини жилеткасидан чиқариб, стулни тарақлатиб ўрнидан турган эди, лакей эпчиллик билан стулни четга олиб қўйди. Ундан кейин бошқалар ҳам ўринларидан туришди-да, илиқ, хушбўй сув турган стол ёнига боришди ва оғизларини чайқашар экан, ҳеч кимни қизиқтирмаган суҳбатни давом эттиришди.
Мисси одамнинг характери ҳаммадан ҳам ўйинда очиқ кўринади деган фикрини маъқуллатиш учун:
– Тўғрими? – деб Нехлюдовга мурожаат қилди. Қиз унинг юзида паришонлик, таъна ифодасини кўрди. Мисси ундаги бу ҳолатдан жуда қўрқар ва нега бундай қилаётганини билишни истарди.
– Қайдам, ҳеч қачон бу тўғрида ўйламаган эканман, – деб жавоб берди Нехлюдов.
– Ойимнинг олдига кирасизми? – деб сўради Мисси.
– Ҳа, ҳа, – деди Нехлюдов папиросини олаётиб. У шундай оҳангда гапирдики, боргиси келмаётгани очиқ-ойдин сезилиб турарди.
Қиз индамай, савол назари билан унга қараган эди, Нехлюдовнинг кўнгли бир хил бўлиб кетди. «Рост-да, бировникига қовоқ-тумшуғимни осилтиргани келдимми», – деб ўйлади у ўзича юмшоқ гапиришга уриниб, агар княгиня қабул қилсалар, жон деб киришини айтди.
– Ойим жуда хурсанд бўладилар. Ўша ерда чексангиз ҳам бўлади. Иван Иванович ҳам ўша ерда.
Уй бекаси, княгиня Софья Васильевна ётиб қолган эди. У саккиз йилдан бери меҳмонлар ҳузурида кружевали, лентали духоба кийимларга беланиб, фил суяги, бронзадан қилинган, лакланган, зарҳал анжомлар қуршовида ётар, ҳеч қаёққа бормас, ўзининг айтишича, фақат «ўз дўстлари»ни, яъни унинг фикрича бирон нарсаси билан халойиқдан ажралиб турадиганларнигина қабул қиларди. Бу дўстлар қаторида Нехлюдовни ҳам қабул қиларди, чунки, аввало у ақлли йигит ҳисобланарди,