Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
Читать онлайн книгу.улар кўп эди, чопқиллаб юрарди, кейин қайгадир ғойиб бўлишди. Йўқ қилинди. Ўлим танлаб ўтирмайди. Тупроқ ҳаммани қабул қилади… Кезиб юрдим, юрдим. Икки кун чақирдим. Учинчи кун – у дўкон ёнида ўтирарди… Биз бир-биримизга қарадик… У хурсанд, мен ҳам хурсандман. Фақат у гапиролмасди. “Юр, кетдик, – ёлвордим, – уйга кетдик”. Ўтирибди… Миёв… Мен унга ёлвора бошладим: “Бир ўзинг бу ерда нима қиласан? Бўрилар еб кетади. Парча-парча қилади. Кетдик. Уйимда тухум, пўстдумба бор”. Буни қандай тушунтириш керак? Мушук инсоннинг тилини тушунмайди, у мени қандай англади? Олдинда борардим, у ортимдан эргашди. Миёв… “Сенга ёғ кесиб бераман…” Миёв… “Иккаламиз яшаймиз…” Миёв… “Сени Васька деб чақираман…” Миёв… Мана, у билан икки қишни бирга ўтказдик…
Оқшом туш кўраман – кимдир чақиради… Қўшни кампирнинг овози: “Зина!” Жим туради… Кейин яна чорлайди: “Зина!”
Зерикиб кетаман, йиғлайман…
Қабристонга бораман. Онам у ерда ётибди… Кичкина қизим ўша ерда… Уруш пайтида терламадан ўлганди. Биз уни қабрга қўйиб, устига тупроқ тортишимиз билан, булут ортидан қуёш чарақлади. Порлоқ нур сочди. Қайтиб, ердан ковлаб олгинг келади. Эрим шу ерда ётибди… Федя… Ҳаммасининг олдида ўтираман. Хўрсинаман. Тириклар билан ҳам, ўликлар билан ҳам гаплашса бўлади. Менга фарқи йўқ. Тирикларни ҳам, ўликларни ҳам эшитаман. Ёлғиз ўзинг яшасанг, шундай бўлади… Қайғуга тушсанг ҳам шу… Оғир мусибатда ҳам…
Қабристоннинг ёнгинасида ўқитувчи Иван Прохорович Гавриленко яшарди, у ўғлиникига, Қримга кетди. Ундан нарида – Петр Иванович Миусский… Тракторчи… Стахановчи, қачондир ҳамма “стахановчи” бўлишга ҳаракат қиларди. Қўли гул инсонлар. Ёғочга нақшлар йўнарди. Қурган уйи – бутун қишлоққа арзигулик уй эди. Беланчакдек! Бу уйни бузишганда, эҳ, жоним ачиди, қоним қайнади. Уйни кўмиб ташлашди. Офицер бақирди: “Қайғурма, онахон. Бу уй “ўчоқ” устида “турибди”. Ўзи – ғирт маст. Олдига яқинлашаман – йиғлайди: “Сен, онажон, кет! Бор!” Ҳайдаб юборади. Ундан кейин Миша Михалёвнинг қўрғони, у фермада иситиш қозонини қайнатарди. Миша тез ўлди. Кетди-ю, дарҳол вафот этди. Ундан нарида зоотехник Степан Биховнинг уйи бор эди… Ёниб кетди! Оқшом ёвуз кимсалар ёқиб юборишибди. Келгиндилар. Степан ҳам узоқ яшай олмади. Могилёвда, болалари яшайдиган ерда дафн этилди. Иккинчи уруш… Қанча инсонларни йўқотдик! Ковалёв Василий Макарович, Анна Коцура, Максим Никифоренко… Қачондир шодумон яшардик. Байрамларда қўшиқлар, рақслар бўларди. Гармонь чалишарди. Энди эса ғурбатхонада яшаётгандекман. Баъзан кўзимни юмиб олиб, қишлоқ бўйлаб юраман… Эҳ, бу ерда қанақа радиация бўлсин, дейман, ахир капалаклар учиб юрибди, асалари ғизиллайди. Васькам сичқонларни овлаш билан овора. (Йиғлайди.)
Сен-чи, азизам, қайғуларимни англадингми? Одамларга айтиб берасан, мен эса, балки, у пайт аллақачон ўлиб кетган бўларман. Мени тупроқдан топишади… Илдизлар остидан…
Бутун ҳаёт ҳақида эшикка ёзилган монолог
Мен