Чернобиль таваллоси. Светлана Алексиевич
Читать онлайн книгу.унга бошмоқни бериб юборишим кераклигини айтдим. “Буни қандай қилишни биласанми?” – сўради у. Яна бир марта тушунтирдим… Худди шу пайтда кекса бир отахонни дафн қилишга олиб келишди. Тобут яқинига келдим, ёпқичини кўтариб, ичига бошмоқларни қўйдим.
– Хат ёзиб қўйдингми?
– Ҳа, ёздим, лекин қайси қабристонда ётганини ёзмадим.
– У ёқда ҳаммалари битта дунёда. Уни топиб олишади.
Яшашга ҳеч бир иштиёқим қолмади. Кечқурун дераза тагида турганча самога тикиламан: “Васенька, нима қилай? Сенсиз яшашни истамайман”. Кундузи болалар боғчаси ёнидан ўтаман, тўхтаб қоламан… Қарай олсам, болаларга қарайман… Мен ақлдан оздим! Кечалари ёлвора бошладим: “Васенька, фарзанд кўраман. Энди ёлғиз қолишдан қўрқяпман. Бошқа чидай олмайман. Васенька!!!” Бошқа гал бундай ялинаман: “Васенька, менга эркак керакмас. Мен учун сендан яхшиси йўқ. Фақат болали бўлишни хоҳлайман”.
Ёшим йигирма бешда эди…
Бир эркак билан танишдим… Барини унга айтиб бердим… Бор ҳақиқатни гапирдим: менинг битта муҳаббатим бор, ҳаётимнинг охиригача у биланман. Борини очиқ айтдим… Биз учрашдик, аммо уни ҳеч қачон уйимга чақирмадим, уйга чақиролмасдим. У ерда Вася…
Қандолатчи бўлиб ишлардим. Торт тайёрлайман, кўзимдан ёш думалайверади. Йиғламайман, лекин ёш оқаверади. Ишдаги қизлардан фақат бир нарсани сўрайман: “Менга ачинманглар. Ачинсанглар, кетаман”. Ҳамма қатори бўлишни истардим. Менга ачиниш керакмас… Мен қачондир жуда бахтли бўлганман…
Менга Васянинг орденини келтиришди… Алвонранг… Унга узоқ тикилиб туролмадим. Кўзимдан ёш думалайди…
…Ўғил туғдим. Андрей… Андрейка… дугоналарим сенга туғиш мумкин эмас деб тўхтатмоқчи бўлди, шифокорлар ҳам “Вужудингиз тўлғоқни кўтара олмайди”, деб огоҳлантирганди. Кейин… Кейин болангиз қўлсиз бўлади, дейишди… Ўнг қўли йўқ… Аппарат шуни кўрсатаётганини айтишди. “Майли, нима қилибди? – ўйладим мен. – Унга чап қўлда ёзишни ўргатаман.” Туппа-тузуккина… ёқимтой бола туғилди… Аллақачон мактабда ўқияпти, фақат “беш” баҳо олади. Энди кимимдир бор, у учун нафас оламан ва яшайман. Ҳаётимнинг нури. У ҳаммасини яхши тушунади: “Ойижон, агар икки кунга бувимникига кетсам, яшай оласанми?” дейди. Яшай олмайман! Ундан бир кунга ажралишгаям қўрқаман.
Кўчада кетаётгандик… Ҳушимни йўқотаётганимни сездим… Ўшанда мени биринчи инсульт йиқитганди… Кўчада…
– Ойижон, сенга сув беришим керак.
– Йўқ, ёнимда тур. Ҳеч қаёққа кетма!
Унинг қўлидан маҳкам тутиб олдим. Кейин нима бўлганини эслай олмайман… Кўзларимни касалхонада очдим… Уни шундай қаттиқ ушлабманки, бармоқларимни фақат шифокорлар зўрға ажратиб олишибди. Боламнинг қўллари узоқ вақт кўкариб юрди. Энди кўчага чиқсак: “Ойижон, фақат қўлимдан ушлаб олмагин. Мен сендан узоққа кетмайман”, – дейди. У ҳам касал: икки ҳафта мактабга борса, икки ҳафта уйда, шифокор билан бирга қолади. Шундай яшаяпмиз. Бир-биримиздан таҳликадамиз. Ҳар бир бурчакда эса Вася…