ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк Твен
Читать онлайн книгу.қурғур муҳрдор ўта шошқалоқлик билан қиролнинг ажаловар ғазабидан қочиб қолди; ҳайъат эса лаганбардор парламент томонидан чиқарилган ҳукмни тасдиқлашни ва Англия биринчи пэрининг, бахтиқаро герцог Норфолкнинг қатли келаси куннинг тонгида ижро этилишини пайсалга солмади12.
IX БОБ
ДАРЁДА БАЙРАМ
Кечки соат тўққизда саройнинг дарёга қараган девори бошдан охиригача ёрқин машъалалардан ёришиб кетди. Дарё шаҳар тарафга қараб, то нигоҳингиз қамрай олганича балиқчиларнинг қайиқлари ва кўнгилхушликка мўлжалланган кемалар билан қопланган; ранг-баранг чироқлар билан безатилган кемалар жамланмаси тўлқинлар мавжидан сокин тебраниб турар ва худди ёзги шаббоданинг енгил эпкинидан гуллари майин титраётган бепоён жилвагар боғни эслатарди. Тош зинапоялари тўғри дарё ёқасига олиб борувчи ғаройиб очиқ супа шу қадар кенг эдики, унда бирор бир олмон князлигининг лашкари бемалол жойлашиб кетиши мумкин. Очиқ тошсупада подшоҳликнинг ойболта кўтарган аскарлари антиқа совутларда текис сафланиб туришибди. Сон-саноқсиз хизматкорлар сўнгги тайёрликларни шоша-пиша якунлаш учун тепага-пастга, олдинга-орқага тинимсиз елиб-югурмоқдалар.
Ва ниҳоят кимнингдир буйруғи янгради-ю, шу захотиёқ супада бирорта тирик жондан асар қолмади. Ҳатто борлиқни қамраб турган ҳаво ҳам интизорликдан зўриқиб, ҳаракатсиз тошқотиб қолгандай эди. Бутун дарё қайиқлар ичида тик туриб олганларича кўзларини ёрқин чироқ ва машъалаларнинг ўткир нурларидан кафтлари билан тўсиб, нигоҳларини сарой томонга тиккан тўда-тўда одамлар билан лиммо-лим тўлган.
Тошсупанинг зиналари пойига зарҳалланган сарой кемалари бирин-кетин сузиб келмоқда. Улар тахминан қирқта ёки элликта эди. Ҳар бирининг юқори кўтарилиб турган тумшуғи ва баланд қуйруғига ажойиб нақшлар ўйилган. Баъзи кемалар туғлар билан ва энсиз байроқчалар билан зийнатланган, бошқаларига аслзода аймоқнинг насл нишони кашталанган заррин парчадан ва бошқа хил рангдор матолардан зеб берилган, яна бирларида шоҳи байроқлар товланиб турибди. Ўша шоҳи байроқларга эса сон-саноқсиз кумуш қўнғироқчалар шу қадар кўп илиб ташланганки, салгина шабада эсиб қолиши биланоқ улардан ҳар томонга шўхчан оҳанглар гўёки кумуш томчилар бўлиб сочилади. Уэлс шаҳзодасининг аъён тўраларига тегишли кемалар янада тамтароқли бежаб ташланган: кема сиртларига турли насабларнинг рамз нишонлари туширилган нақшинкор қалқонлар илиб қўйилган. Бу кемаларнинг ҳар бирини кичик эшкакли кема тортиб келмоқда. Уларнинг ҳар бирида эшкакчилардан ташқари ялтироқ совут ва дубулға кийган аскарлар ҳамда машшоқлар ўтиришибди.
Бош дарбозада сабрсизлик ила кутилаётган тантанали намойишнинг энг олдида келаётган қўриқчилар – ойболтачи аскарлар бўлинмаси кўринди. «Ойболтачи аскарлар қўнғир чизиқли қора чолвор, ён томонига кумуш атиргул қадалган бахмал қалпоқ кийишган. Тўқ қизил ва мовий мовутдан тикилган чакмонларининг бел ва кўкрак томонида уч дона пат – шаҳзоданинг рамзий нишони кашталанган. Ойболталарининг сопи зарҳал чиннигул