ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк Твен
Читать онлайн книгу.сенинг увадангга ўхшаган кийимга ўралиб олишнинг иложини топганимда эди, роса яёв юрардим, лойқа кўлмакка мириқиб думалардим. Бор-йўғи бир мартагина бўлса ҳам майли эди, фақат ҳеч ким уришмаса ва йўлимни тўсмаса бас, – эҳтимол, бунинг эвазига жон-жон деб тож-тахтимни бериб юборардим.
– Мен эса, бир марта бўлса ҳам сиз каби кийинсам эди, аъло ҳазратлари… бир мартагина бўлса ҳам рози эдим…
– Сен ҳали шунинг орзусида эдингми? Майли, сен истаганча бўлақолсин! Увадаларингни ечгин-да, мана бу башанг либосларни кийиб ол. Икковимиз ҳам қисқа муддатли бахтга эришамиз, лекин бу билан қувончимиз камайиб қолмайди! Имкон борида бир роҳатланиб шўхлик қиламиз, кейин бизга халақит бермасларидан олдин яна ўз кийимларимизни кийиб оламиз.
Беш дақиқа ҳам вақт ўтмасидан туриб, Уэлс шаҳзодаси Томнинг увадаларига бурканиб олди, митти Қашшоқлик шаҳзодаси эса – ажойиб, рангдор шоҳона либос кийиш бахтига муяссар бўлди. Икковлари катта кўзгу қаршисига келдилар ва – ана мўъжиза! – ўзларини гўё кийимлари ҳеч ҳам алмаштирилмагандай ҳис этдилар! Улар аввал бир-бирларига қарашди, сўнг кўзгуга тикилишди, кейин эса яна бир-бирларига. Ҳайратда қолган шаҳзода ниҳоят тилга кирди:
– Сен бунга нима дейсан?
– Эҳ, ҳазрати олийлари, бу саволингизга мендан жавоб талаб қилманг. Менинг насабимда бундай нарсалар ҳақида сўзлаш раво эмас.
– У ҳолда бу ҳақда мен айтаман. Сенинг сочларинг, кўзларинг, овозинг, қадам ташлашинг, бўй-бастинг, қаддинг, юзинг худди меникидай. Агар икковимиз ташқарига кийимсиз, биргаликда чиқсак, қай биримиз қашшоқ, қай биримиз Уэлс шаҳзодаси эканимизни ҳеч ким айтиб беролмаган бўларди. Ҳозир, сенинг кийиминг менинг эгнимда эканида, назаримда анави аскар сенга қўполлик қилганида сен нималарни ҳис этганингни сезаётгандайман… Менга қара, қўлингдаги мана бу қонталаш доғ ниманинг изи?
– Арзимаган нарса, ҳукмдорим! Сиз ҳазрати олийлари ўзингиз биласиз-ку, ҳалиги шўринг қурғур соқчи…
– Жим бўл! У шармандали ва бешафқат иш қилди! – дея бақирди яланг оёқлари билан ер тепиниб кичкина шаҳзода. − Агар қирол… Мен қайтгунимча жойингдан жила кўрма! Бу менинг буйруғим!
Бир лаҳзада у мизнинг устида турган, давлат аҳамиятига эга аллақандай буюмни олиб яширди-ю, эшикдан учиб чиқиб, эгнидаги чириган увадалар билан сарой хоналари бўйлаб югуриб кетди. Ҳукмдорваччанинг юзлари ёниб, кўзлари чақнаб турарди. Катта дарвоза ёнига югуриб бориб, дарвозанинг темир чивиқларига ёпишди ва уларни тортқилаб, дўқ ура бошлади:
– Эй! Дарвозани оч!
Ҳалигина Томни ҳафа қилган аскар бу талабни дарҳол бажарди; шоҳона ғазабдан нафаси бўғилиб турган шаҳзода баланд дарвозадан ташқарига югуриб чиқди, аскар эса уни шунақанги жарангдор шапалоқ билан сийладики, бола бечора ўмбалоқ ошганича йўлга ғилдиради.
– Аъло ҳазратларидан эшитган ҳақоратларим учун бу сенга қайтим, исқирт гадовачча! – бақирди аскар.
Оломон гувиллаб, қаҳқаҳа ура бошлади. Шаҳзода балчиқдан бир амаллаб чиқиб келди ва ғазаб билан дўқ урганича, соқчи томон