МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон
Читать онлайн книгу.ҳар бирида мантиқ бор, лекин мазкур китобда таниқли иқтисодчи олимлар – Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ўзларининг кўп йиллик илмий тадқиқотларига асосланиб, мамлакатлар нима учун ривожланиши ёки таназзулга юз тутиши сабабларини тушуниш учун юқорида келтирилган қарашлар етарли эмаслигини ва аксар ҳолларда иқлим, жойлашув ва “менталитет” каби омиллар у қадар муҳим бўлмаслигини бир нечта давлатлар мисолида далиллар билан кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Умуман, китобнинг тарихий компоненти жуда мустаҳкам. Фактлар бир-бирига боғланган ҳолда жуда қизиқарли ва изчил келтирилгани, турли назариялар мантиқан асослангани эътиборга лойиқдир.
Муаллифлар китобда кўпгина илмий тадқиқот хулосаларини мужассам қилган ҳолда, оддий, лекин ўта муҳим хулосага келадилар – мамлакатдаги сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги тартиблар, анъаналар, урф-одат ёки қонунчилик тизимлари орқали яратилган узоқ муддатли ҳамда барқарор хулқ-атвор намуналари, бошқача қилиб айтганда, давлат ва жамият институтларининг ривожлангани ва ишлаш принциплари иқтисодий тараққиёт учун асосий омил ҳисобланади. Шу билан бир пайтда, институтларнинг ривожланмагани тараққиёт учун тўсиқ бўла олиши ҳам очиб берилган.
Китобнинг афзаллиги шундаки, уни ўқиб тушуниш учун чуқур иқтисодий билимга эга бўлиш талаб этилмайди. Китобнинг тили ва услуби анча содда ва тушунарли ҳамда кенг омма учун мўлжалланган бўлса-да, иқтисодчилар учун ҳам бирдек қизиқ.
Умуман олганда, мазкур китобдаги ёндашув ҳамма саволга жавоб беради, деган фикрдан йироқмиз. Лекин фикр ва қарашларнинг хилма-хиллиги муваффақиятга эришиш учун объектив зарурият эканлигини кўпчилик савол остига олмаса керак, деб ўйлаймиз. Шунингдек, мазкур асар қўшимча билим манбаи сифатида ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасидан сабоқ олиш нуқтаи назаридан мақсад ва вазифаларни аниқлаштириб олиш имконини беради.
Ўйлаймизки, китоб кенг жамоатчилик ўқиб мутолаа қилиши учун муносиб. Айниқса, ҳозирги кунда ватанимизда олиб борилаётган кенг қамровли таркибий ва институционал ислоҳотлар ҳамда кутилаётган натижаларни таҳлил қилиш учун айни муддао бўлади.
Хулоса ўрнида, ушбу китобни ўзбек тилига ўгиришга бел боғлаб, бунинг уддасидан чиққан дўстларимизга китобхонлар номидан миннатдорлик билдирамиз.
ТАРАҚҚИЙ ЭТИШГА УМИД БОР
“Нега айрим мамлакатлар бой, баъзилари эса камбағал?” деган саволга жавоб, аминманки, барча ўзбекистонликлар учун қизиқ. Жумладан, менга ҳам. Ватанимиз қандай қилиб фаровонликка эришиши мумкин, дейишга сабаблар етарли. Чиндан ҳам, нима учун дунёдаги баъзи мамлакатларда ҳатто ўртамиёна яшайдиган кишиларнинг турмуши, ҳаёти камбағал ўлкалардаги аксар инсонларникидан яхшироқ? Бу китоб шу ҳақда, яъни “Нега бир қанча мамлакат аҳолиси фаровон, тўқ яшаса, бошқа мамлакатдагиси қашшоқликда умр кечиришга маҳкум?” қабилидаги саволларга жавоб излайди.
Бунга жавоб тариқасида майдонга муаллифлар фойдаланган асосий тадқиқот манбаси – инсоният тарихи чиқади. Ўтмишда ҳам барча давлатлар бирдек фаровон кун кечирмаган, қадимги жамиятлар даромади бугунгига монанд бўлган. Қашшоқлик ва танглик ҳамманинг бўйнига тушган оғир тош эди. Инсоният XVII асргача ҳеч қандай иқтисодий тараққиётни кўрмади ҳисоб. Охирги 250–300 йилда эса ўсиш ва ривожланиш суръати кескин ошди, даромадлар кўпайди.
Шу ерда савол туғилади: иқтисодий ўсиш нима ўзи? Бу нима учун муҳим? Айни замондаги турмуш тарзимизни XVII аср шароити билан солиштириш мушкул, шундай бўлса-да, келинг, бир уриниб кўрайлик. Агар турар жой, хонадондаги қулайликлар, овқатланиш сифати, соғлиқни сақлаш ва маиший енгилликларга эътибор берилса, фарқ беҳад катталиги дарров билинади. Ривожланган давлатларда очлик ва совуқдан ўлим ҳолати умуман учрамайди. Бироқ ҳозирги гуллаб-яшнаган ўлкаларда ҳам икки аср олдин очлигу қийинчиликдан вафот этадиганлар сони кўп эди. XVII асрда чақалоқларнинг 30 фоизи бир ёшга етгунча касаллик, носоғлом, сифатсиз турмуш тарзи сабаб нобуд бўлар, вазият бугунги энг қашшоқ мамлакатлардаги рақамлардан-да қўрқинчли эди. Тараққий этган ўлкаларда бугун мингта чақалоқдан 4 таси бевақт нобуд бўлади, ўн еттинчи асрда эса бу кўрсаткич ўта юқори бўлган: мингта боладан 300 таси ўлим билан олишиб, вафот этарди. Ҳозирги натижа ўлим олдидаги ғалабадир. 200 йил олдин ҳам инсонларнинг қарийб ярми 20 ёшга тўлиб-тўлмай, эрта оламдан кўз юмарди.
Бу ютуқ ва прогресснинг сабаби, албатта, иқтисодий тараққиёт. Лекин савол ҳамон ўшандай очиқ турибди: бир неча юз йил олдин Ғарбий Европада бошланган ривожланиш ва иқтисодий ўсишнинг сабаблари нимада? Нега инсоният XVIII асргача деярли бир хил шароитда яшади-ю, кейин тўсатдан олдинга сакраб, бутунлай бўлак манзара шаклланди? Нега биз аллақандай мўъжиза сабаб мисли кўрилмаган ривожланиш ва тараққиёт шоҳиди бўляпмиз?
Китоб муаллифлари буни институтлар, биринчи ўринда, сиёсий ва иқтисодий институтларнинг ўзгаришига боғлайдилар. Юқорида икки хил фарқ хусусида айтдик. Биринчиси, дунё мамлакатлари орасидаги фарқ. Масалан, ривожланган мамлакатда туғилган чақалоқнинг бир ёшгача тирик қолиш эҳтимоли қашшоқ мамлакатда туғилган боланинг тирик