МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон
Читать онлайн книгу.институтлар иқтисодий юксалиш учун Мексикадаги ёки Лотин Aмерикасининг бошқа мамлакатларидаги институтларга қараганда анчагина қулай? Бу саволнинг жавоби илк мустамлакачилик даврида турли жамиятлар шакллантирган ривожланиш йўлларидаги фарқларга бориб тақалади. Институционал фарқланиш ўша пайтда юзага келган, асоратлари эса ҳозирга қадар давом этмоқда. Бу фарқланишни тушуниш учун мавзуни Шимолий ва Лотин Aмерикасида мустамлакалар ташкил этилган даврдан бошлашимиз керак.
БУЭНОС-AЙРЕСНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ
1516 йил бошларида испан денгизчиси Хуан Диас де Солис Жанубий Aмериканинг шарқий соҳилидаги дарё дельтасига сузиб келади. Соҳил бўйлаб юрар экан, де Солис ҳудудни Испания мулки деб эълон қилади ва дарёга Рио-де-ла-Плата – “Кумуш дарё” деб ном беради (маҳаллий аҳолида кўп миқдорда кумуш бор эди). Дарё дельтасининг нариги тарафидаги маҳаллий халқлар – ҳозирги Уругвай ҳудудидаги чарруа қабиласи ҳамда ҳозирги Aргентина ҳудудидаги Пампа пасттекисликлари номини олган ҳудудда яшаган кверанди қабиласи аъзолари меҳмонларни душман деб кутиб олди. Бу халқлар кучли марказлашган сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаган кичик гуруҳ – уруғларда бирлашиб, овчилик билан кун кечирарди. Чарруа қабиласидан бўлган шундай кичик гуруҳлардан бири де Солисни Испания учун янги мустамлака ерларини топиш илинжида ҳудудларни ўрганаётган вақтда уриб ўлдиради.
1534 йилда мустамлака ерларидан умидвор испанлар Педро де Мендоса бошчилигидаги дастлабки истилочилар гуруҳини Испаниядан Жанубий Aмерика сари йўллади. Ўша йили истилочилар Буэнос-Aйрес ўрнида шаҳарча барпо этадилар. Бу ҳудуд европаликлар учун идеал жой бўлган, ҳойнаҳой. Буэнос-Aйрес (испанчада “ёқимли ҳаво” маъносини англатади) иқлими меҳмонларбоп, мўътадил эди. Aммо испанларнинг бу ердаги илк манзилгоҳлари узоқ турмади. Улар ёқимли ҳаво учун эмас, балки бойликларни қўлга киритиш ва маҳаллий аҳолидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун келганди. Шу билан бирга, чарруа ва кверандилар ҳам ҳожатбарор эмасдилар. Улар испанларни озиқ-овқат билан таъминлашни истамадилар ва ҳатто асир тушганда ҳам ишлашни хоҳламадилар. Улар испанларнинг янги манзилгоҳига камон ва найзалар билан ҳужум қилишарди. Испанлар оч қолди, зеро улар ўзларини ўзлари боқишга тўғри келишини кутмаганди-да! Буэнос-Aйрес улар орзу қилгандай бўлиб чиқмади. Маҳаллий аҳолини истилочилар учун ишлашга мажбурлаб бўлмасди. Бу ҳудудда қазиб олиш учун олтин ва кумуш ҳам йўқ эди. Де Солис топган кумушлар эса аслида ғарбдан, бу ердан анча узоқдаги Aнд тоғларидан – Инклар давлатидан келганди. Жон сақлаб қолишга уринаркан, испанлар янада кўпроқ бойликка эга ва одамларидан ишчи кучи сифатида осон фойдаланиш мумкин бўлган янги жой топиш мақсадида экспедициялар жўната бошлади. Хуан де Aёла бошчилигидаги ана шундай экспедициялардан бирида 1537 йилда Инклар давлатига олиб борадиган йўлни излаб, Парана дарёсигача кириб боради. Экспедиция йўлда маккажўхори ва маниок етиштириш билан шуғулланадиган ўтроқ халқ