Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн книгу.билан такрорлар, бошқалар эса шивирлаб, попдан орқада қолиб кетар ва чўчигандек бирданига бидирлаб унга етиб олишга ҳаракат қилардилар; бировлар бирор нарсани қўлдан чиқармасликка урингандек, бармоқларини маҳкам жуфтлаб олган, бошқа бировлар эса, бармоқларини очиб юбориб, яна жуфтлаштирар эдилар. Ҳамма ўнғайсизланар, фақат кекса попгина ўзининг жуда муҳим ва фойдали иш қилаётганига имони комил эди. Қасам ичириш маросими тугагач, раис маслаҳатчиларга старшина сайлашни таклиф этди. Маслаҳатчилар ўринларидан туришди ва тиқилишиб, маслаҳат хонасига кириб кетишди-да, кирган заҳоти деярли ҳаммалари папирос чиқариб, чека бошлашди. Аллаким басавлат жанобни старшиналикка таклиф этган эди, дарҳол ҳамма бу таклифга қўшилди ва папиросини ўчириб ташлаб залга қайтди. Сайланган старшина раисга старшина қилиб кимнинг сайланганини билдирди, шундан кейин ҳамма яна кетма-кет юриб баланд суянчиқли стулларга икки қатор бўлиб ўтирди.
Маросим бетўхтов, тез ва дабдаба билан ўтмоқда эди ва бу маросимнинг қоидага мувофиқ мунтазам ва дабдаба билан ўтиши, афтидан, унда иштирок этувчиларда завқ уйғотар, улар жиддий ва зарур жамоат ишини бажараётганларига қаттиқ ишонар эдилар. Нехлюдов ҳам худди шу нарсани ҳис этар эди.
Маслаҳатчилар жойлашиб ўтирган ҳамон раис уларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва масъулиятлари ҳақида гапирди. Раис гапирар экан, ҳадеб вазиятини ўзгартирар: гоҳ чап қўлига, гоҳ ўнг қўлига таяниб ўтирар, гоҳ кресло суянчиғига ясланиб олар, гоҳ қоғознинг четини текислар, гоҳ қоғоз кесадиган пичоқни силар, гоҳ қаламни ўйнарди.
Унинг айтишича, маслаҳатчиларнинг ҳуқуқлари шундан иборат экан: улар судланувчиларга раис орқали савол беришлари, қоғоз-қалам тутишлари ва далилий ашёларни кўздан кечиришлари мумкин экан. Вазифалари эса, нотўғри суд қилмай, адолатли суд қилишдан иборат экан. Масъулиятлари шундан иборат эдики, мажлис сири махфий тутилмаса ёки чет кишилар билан алоқалари сезилса, жазога тортилар экан.
Ҳамма унинг сўзларини эҳтиром билан тинглади. Савдогар теварак-атрофига вино ҳидини гуркуратиб ва қаттиқ кекиришдан ўзини зўрға тутиб, ҳар гапни маъқуллаб бош ирғаб ўтирарди.
IX
Сўзини тугатгач, раис судланувчиларга қараб:
– Симон Картинкин, туринг ўрнингиздан, – деди.
Симон ирғиб ўрнидан турди. Бетининг мускуллари аввалгидан ҳам пирпираб уча бошлади.
– Исмингиз?
Жавобга у олдиндан тайёрланиб қўйган бўлса керак:
– Симон Петр ўғли Картинкин, – деб тез ва шартта жавоб қайтарди.
– Қайси табақадансиз?
– Деҳқонлардан.
– Қайси губерна, қайси уезддансиз?
– Тула губернаси, Крапивенск уезди, Купянск волости, Борки қишлоғиданман.
– Ёшингиз нечада?
– Ўттиз тўртда, туғилган йилим, минг саккиз юз…
– Динингиз?
– Биз рус динида, православ динидамиз.
– Уйланганмисиз?
– Йўқ, уйланмаганман.
– Касбингиз?
– «Мавритания»