Тирилиш. Лев Толстой
Читать онлайн книгу.чўнтагидан бир варақ қоғоз олиб, номма-ном чақира бошлади ва номи чиққанларни гоҳ рinse-nez тепасидан, гоҳ рinse-nez орқали кўздан кечира бошлади.
– Статский советник И. М. Никифоров.
– Мен, – деди барча суд ишларидан хабардор басавлат киши.
– Истеъфодаги полковник Иван Семёнович Иванов.
– Шу ерда, – деди истеъфога чиққан ҳарбийлар киядиган мундирдаги қотма киши.
– Иккинчи гильдия савдогари Петр Баклашов.
– Бор, – деди кўнгли очиқ савдогар оғзи қулоғига етиб. – Тайёрмиз!
– Гвардия поручиги князь Дмитрий Нехлюдов.
– Мен, – деб жавоб берди Нехлюдов.
Суд пристави уни бошқалардан устун кўргандек, рinse-nez тепасидан қараб, эъзоз-икром билан таъзим қилди.
– Капитан Юрий Дмитриевич Данченко, савдогар Григорий Ефимович Кулешев ва ҳоказо, ва ҳоказолар.
Икки кишидан бошқа ҳамма маслаҳатчилар шу ерда эди.
– Энди, жаноблар, залга марҳамат қилинглар, – деди пристав тавозе билан эшикни кўрсатиб.
Ҳамма қўзғалди, эшикка етганда бир-бирларига йўл беришиб, йўлакка чиқишди, йўлакдан мажлислар залига ўтишди.
Суд зали узун, катта хонадан иборат эди. Залнинг бир томони баланд қилиб ишланиб, уч поғонали зина билан чиқиларди. Баландликнинг ўртасида тўқ яшил рангдаги шокилали яшил мовут ёпилган стол турарди. Столнинг нариги томонида баланд, эман ёғочидан ишланган сернақш суянчиқли учта кресло, креслонинг орқасидаги зарҳал ром ичида мундир кийган, лента таққан, қилич кўтариб бир оёғини олдинга ташлаб турган генералнинг портрети бор эди. Ўнг томондаги бурчакда, шкафча ичида бошига тиканли гулчамбар таққан Исо пайғамбарнинг расми ва остида икона билан китоблар қўйиладиган баланд столча, шу ўнг томонда прокурор столи турар эди. Чап томонда, столнинг рўпарасида, ичкарироқда секретарь столи бўлиб, ундан берироқда, одамларга яқинроқ ерда эман ёғочидан йўниб қилинган панжара ва панжара ичкарисида қора курси кўзга ташланарди. Баландликнинг ўнг томонида маслаҳатчилар учун суянчиғи баланд стуллар икки қатор қилиб қўйилган, пастда адвокатлар столи турарди. Шуларнинг ҳаммаси панжара билан икки қисмга ажратилган залнинг олдинги томонида эди. Залнинг орқа қисми эса, то девор тагигача, бир-биридан баланд қилиб жойлаштирилган ўриндиқлар билан банд эди. Залнинг орқа қисмида, олдинги қатордаги ўриндиқларда фабрика ишчиларидан ёки оқсочлардан бўлса керак, тўрт аёл ва икки эркак ўтирарди. Эркаклар ҳам ишчилардан бўлиб, серҳашам залнинг салобати босиб қолгандек, бир-бирлари билан шивирлашиб ўтиришарди.
Маслаҳатчилар келгандан кейин, зум ўтмай, суд пристави бир ёнига шох ташлаб ўртага чиқди ва залдагиларни қўрқитмоқчи бўлгандек:
– Суд келяпти! – деб бақирди.
Ҳамма ўрнидан турди. Залнинг баландлик қисмига судьялар олдинма-кейин чиқишди: мускулдор ва бакенбардлари таралган раис, кейин олтин кўзойнак таққан, қовоғи солиқ суд аъзоси чиқди, ҳозир унинг қовоғи баттар осилиб кетган эди, чунки мажлис бошланай деб турганда суд мансабига кандидат бўлган қайнисини