Буюк Гэтсби. Фрэнсис Скотт Фицджеральд
Читать онлайн книгу.Аниқроғи, бу вилла Гэтсби исм-шарифли кимсага тегишли эди. Яшаётган уйим бу ҳашамдор уйлар орасида кўзга чиққан тирсакдай яққол кўзга ташланиб турарди. Лекин буни ҳеч ким илғамасди. Шунинг учун мен нафақат оролни, балки баҳаво боғларни ҳам мириқиб томоша қилиш имкониятига эга эдим. Ижара ҳақим саксон доллар. Кўрфазнинг нариги тарафида ҳашаматли Ист-Эгг оқ саройининг акси сув юзасида қалқиб туради.
Бу ёз мавсумининг тарихи “ дож” русумли машинамга ўтириб, нариги қирғоқда истиқомат қилувчи Бьюкененларникига борган кечадан бошланди. Дэзи Бьюкенен – менга узоқ қариндош, унинг эри Томни эса университетда ўқиган давримдан буён танийман. Урушдан кейин уларникида – Чикагода икки кун меҳмон бўлган эдим.
Том жисмонан бақувват эди. Нью-Хейвен футбол ишқибозлари ундан кучлироқ чап қанотда ўйновчи бошқа ўйинчини тан олмас эдилар. У ўзига тўқ оиладан. Йигирма бир ёшга етгунига қадар анча-мунча ютуқларни қўлга киритган. Ота-онаси ўта бадавлат одамлардан саналарди. Университетда ўқиб юрган давридаёқ пулни аямай совурар, бу қилмиши учун унга танбеҳ беришарди. У Чикагодан Шарқ томонларга кўчиб ўтишни ният қилди, чавгон ўйини учун бир отхонага сиғадиган пони отларини ЛейкФорестдан олиб келтирди. Бу кимсанинг кўнглига келган ишни қилишга етадиган пули борлигига ишониш қийин.
Томнинг оила аъзолари Шарқ тарафларга кўчиб келишига нима сабаб бўлганлиги менга номаълум. Улар Францияда бир йил истиқомат қилибдилар, сўнгра таниш боёнлар йиғилиб, чавгон ўйнаб, бойликларини совуриш мақсадида Европанинг турли бурчакларини саёҳат қилиб чиқибдилар. Дэзининг менга айтишича, энди улар бир жойда муқим яшашга қарор қилибдилар. Дэзи бу гапни тўғри айтдими ёки йўқми, бу менга қоронғу, назаримда Том худди футболчилардек у юртдан бу юртга кезиб юришни хуш кўрарди.
Илиқ шабада эсиб турган оқшомда икки дўстимни кўргани йўл олдим. Дэзи билан Том яшайдиган жой мен тахмин қилгандан ҳам ҳашамдор экан. Фусункор уйнинг олд томони бўғоз тарафга қаратиб қурилган. Ям-яшил майсазор сув ёқасидан бошланиб, чорак мил узунлиқда майдаланган ғишт бўлаклари териб қўйилган гулзор ва йўлакчалар бўйлаб чўзилиб борарди. Уйнинг олд қисми у бошидан-бу бошигача икки табақали деразалардан иборат; улар ланг очиқ эди. Илиқ шабада деразадан ичкарига урилар, ойналарда қуёшнинг олтин нурлари жилваланарди. Эшик олдида оёқларини керганча, чавандоз кийимида Том Бьюкенен гердайиб турарди.
У Нью-Хейвенда кўрган пайтимдагига қараганда жуда ўзгариб кетганди. Кенг яғринли, ўттиз ёшлар чамасидаги оқ-сариқдан келган димоғдор бу йигит энди ўзини анча тутиб олганди. Одамга қараганда унинг кўзлари тешиб юборай дер, ҳайбатидан от ҳуркарди. Чавандозлик либоси аёлларникидай нафис кўринса-да, унинг жисмоний кучқувватини яшира олмасди; афтидан, кулранг қўнжли этиги болдирларининг бақувватлигидан худди ёрилиб, чокчокидан сўкилиб кетаётгандай кўринарди. Елкаси кенг, билаклари мушакдор эди. Бақувват кўринишидан енгилмас кимсага ўхшаб кўринарди.
Овози