Буюк Гэтсби. Фрэнсис Скотт Фицджеральд
Читать онлайн книгу.иккимиз бир-биримизга лоқайд қараб қўйдик. Мен энди гап бошламоқчи бўлган эдим, у қаддини ростлаб “жиминг” дегандек бармоғини лабига қўйди. Нариги хонадан Томнинг ҳаяжонли бўғиқ овози эшитиларди. Бейкер хоним ҳеч тортинмай овоз келган томонга қулоқ сола бошлади. Аввалига Томнинг овози бемалол эшитилиб турди, сўнг у шивирлаб гаплаша кетди, кейин овоз бизга эшитилмай қолди.
– Сиз боя тилга олган жаноб Гэтсби қўшним бўлади, – гап бошладим мен.
– Узр, гапирмай туринг. Ичкарида нима гап эканлигини эшитмоқчиман.
– У ерда нимадир бўляптими? – соддалик билан сўрадим.
– Ие, ҳеч нарсадан хабарингиз йўқми? – ҳайратланиб сўради Бейкер хоним.
– Тавба, мен ҳамма билади, деб ўйлабман.
– Йўқ, ҳеч нарсадан хабарим йўқ.
– Умуман… – деди Бейкер хоним чайналиб.
– Нью-Йорқда Томнинг бир хонимчаси бор.
– Қанақа хонимча? – довдираб сўрадим.
Бейкер хоним “ҳа, шундай”, дегандай бош ирғаб, тасдиқлади.
– Ўша қийшанғининг озгина виждони бўлганда, овқат пайтида Томга қўнғироқ қилмасди, тўғрими?
Мен эшитган гапимни ҳали ҳазм қилмаган ҳам эдимки, эшик очилиб, остонада уй эгалари кўриндилар.
– Узр, зарур иш чиқиб қолди, – деди шодон қичқирганча Дэзи.
У ўз жойига бориб ўтирди-да, Бейкер хонимга синовчан назар ташлади, сўнг менга қараб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек гап бошлади:
– Мен бир дақиқага ташқарига чиқиб, боғни кузатдим, атроф шундай гўзалки… Боғда қушлар хониш қиляпти, менимча, булбул бўлса керак. У ҳойнаҳой бу ерга денгиз оша учиб келган. Кишини маст қилар даражада сайраяпти…
– Дэзи берилиб гапираётганида худди куйлаётгандай эшитиларди сўзлари.
– Том, атроф шундай гўзалки… мафтун бўласан киши…
– Ҳа, ҳамма ёқ мафтункор, – деди Том ва ноқулай аҳволдан қутулмоқчи бўлгандек менга юзланди:
– Овқатдан сўнг сени отларни кўрсатгани олиб бораман.
Телефон яна жиринглаб қолди; Дэзи Томга қаради-ю, ранги оқариб кетди, сўнг бош чайқаб қўйди, отлар ҳақидаги суҳбат ўзўзидан тўхтаб қолди. Сўнгги беш дақиқа оғир бир сукутда ўтди. Шамлар липиллаб ёнарди. Негадир уларни ҳозир қайтадан ёққан эдилар. Стол атрофидагиларни кузатиб ўтириш мен учун мароқли эди. Дэзи билан Томнинг хаёлидан нима кечаётганини билмадиму, лекин Бейкер хоним бундай ҳолларга ўрганиб кетган кўринади.
Орамизда бешинчи одамнинг хиралик билан телефон қилиши барчамизга малол келди. Бу ҳолат барчамизга одобсизликдек бўлиб кўринсада, менда “унинг адабини бериб қуйиш керак”, деган фикр уйғонди.
Минг афсуски, отлар ҳақида бошқа гап очилмади. Том билан Бейкер хоним кутубхонага кириб кетдилар. Мен Дэзи билан ўртадаги ноқулай вазиятдан чиқиб кетиш учун айвон бўйлаб сайр қила бошладим. Катта айвон ёнига келганимизда атрофни қоронғулик чулғаб олганди. Биз шу ерга қуйилган оромкурсига ўтирдик.
Дэзи икки қўлини чеккасига қўйганча қоронғуликка тикилиб қолди. Мен у нима сабабдан ҳаяжонда эканлигини сезиб