Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Читать онлайн книгу.қизил юзли, таъсирланувчан ва ғайриоддий Баррелл Смит исмли ёш муҳандис гуруҳ юлдузи эди. У ҳамма нарсани ўзи ўрганганди. Смит Вознякнинг доҳиёна дастурларига таъзим қилар ва унинг қаҳрамонлигини такрорлашга уринарди. Аткинсон Смитни Apple’нинг техник хизмат кўрсатиш бўлимидан топиб олганди ва унинг усталигига лол қолиб, Раскинга тавсия қилганди. У шизофренияга чалинганди, лекин 80-йилларнинг бошида бу хасталик унинг девоналардек қайсарлигида намоён бўларди, у бирор муҳандислик вазифаси устида ҳафталаб тиришиб ишларди. Кейинчалик касаллик, афсус, ғалаба қозонди. Жобсни Раскиннинг ғоялари қизиқтирарди, лекин харажатларни камайтириш учун муросага боришни у хоҳламасди. 1979 йилнинг кузида Стив унга пул ҳақида эмас, балки ўзи айтганидек “ҳайратомуз зўр” компьютер яратиш ҳақида ўйлашга маслаҳат беради. “Нархини ўйлама. Яхшиси ўзинг ундан нима хоҳлаётганингни аниқлаб ол”, – деганди Жобс. Раскин бунга аччиқ қилиб қуйидагиларни ёзади: бир қаторда 96 та белгини сиғдира оладиган ўта аниқ рангли дисплейни, тасмасиз ишлайдиган ва бир сонияда исталган рангда чоп этадиган принтерни хоҳлайман, ARPA тармоғидан чексиз фойдалангим келади, яна компьютер одам нутқини танисин ва мусиқа ёзсин, “черков хори билан бирга Карузо ашуласини табиий айта олсин”. Охирида шундай деб ёзиб қўяди: “Ўзи хоҳлаган нарсадан бошлаш аҳмоқлик. Аввал нархдан, энг кам характеристикалар тўпламидан бошлаш керак, технологиялар бир жойда турмаслигини унутмаслик керак”. Бошқача айтганда, Раскин Жобсдан фарқли ўлароқ, агар ниманидир жуда хоҳласа, ҳаммаси рўёбга чиқади деб ўйламасди.
Жанжал келиб чиқиши аниқ эди, устига-устак Жобс 1980 йилнинг сентябрида Lisa лойиҳасидан четлатилганди ва у ўзининг сира босилмайдиган ғайратини бошқа лойиҳага йўналтирмоқчи эди. Macintosh унинг эътиборини тортмай қолмади. Стивни Раскиннинг тушунарли график интерфейсли ва оддий дизайнли кенг оммага мўлжалланган арзон компьютер ҳақидаги фикрлари илҳомлантирарди. Табиийки, Жобс Macintosh’га қизиқиб қолиши билан Раскиннинг лойиҳадаги куни битганди. “Стив бизга нима қилишни кўрсатишга киришди, Жеф ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди ва ҳаммаси нима билан тугаши аниқ бўлиб улгурганди”, – деб эслайди Mac жамоаси аъзоси Жоанна Хоффман.
Биринчи низо Раскин талаб қилган Motorola 6809 процессори устида келиб чиқди. Аслида бу Жефнинг Mac нархини минг долларгача камайтириш истаги ва Жобснинг “ҳайратомуз зўр компьютер” яратиш орзуси туфайли келиб чиққан тўқнашув эди. Стив Mac’га анча қувватли Motorola 68000 процессори ўрнатилишини талаб қилди. Бундай процессор Lisa’га ҳам ўрнатилганди. 1980 йилнинг декабрида Рождестводан сал олдин Жобс Раскинга билдирмай Баррелл Смитга қувватлироқ процессорли модель яратишни топширди. Смит ўзининг кумири Возняк каби ишга ўзини бутунлай бахшида этиб, уч ҳафта кетма-кет кечаю кундуз ишлади, дастурлашнинг янги чўққиларини заб этди. Модель тайёр бўлгач, Жобс Mac’га Motorola 68000 ўрнатилади деб туриб олди, Раскин эса бўлғуси компьютернинг нархини қайта ҳисоблаб чиқишига тўғри келди.
Гап фақат Жобснинг ўз айтганида туриб