Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй

Читать онлайн книгу.

Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй


Скачать книгу
қайиқ ёнида ҳавога баланд сакраб кўтарилди, шундан сўнг, тиниқ сафсарранг кўкрак қанотларини ёйиб, умуртқаси узра чўзилиб кетган кенг оч пушти, йўл-йўл тасмалари равшан кўринганича, денгизга чуқур шўнғиб кетди. У қандай фусункор бўлганини чол сира унутолмасди. Бунинг устига ўз йўлдошини то сўнгги дамгача ташлаб кетмаган эди.

      «Денгизда мен бунчалик қайғули бўлган бошқа ҳеч нарсани кўрмаганман, – деб ўйлади чол. – Бола ҳам маъюс бўлиб қолганди ва биз мода балиқдан кечирим сўраб, кўз очиб юмгунча сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган эдик».

      – Афсуски, ёнимда бола йўқ, – деди у овоз чиқариб ва елкаларини босиб тушган ўрам орқали ўзининг қандайдир нуқтаси сари оғишмай бораётган улкан балиқнинг қудратли кучини муттасил ҳис қилган ҳолда, қайиқ бурнининг думалоқ тахталарига қулайроқ ўрнашиб олди.

      – Менинг ҳийлам туфайли у ўз фикрини ўзгартишга мажбур бўлди, ақл ҳам бовар қилмайди бунга!

      «Унинг пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган эди. Менга эса ёлғиз бошим билан унинг кетидан тушиб, ҳали ҳеч ким келиб етмаган жойда топиш насиб бўлди. Ҳа, ҳеч зот келиб етмаган жойда. Энди бўлса ҳар икковимиз тушдан бери бир-биримизга боғланиб қолдик. Шундай. На унга ва на менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўза олмайди».

      «Эҳтимол, мен балиқчи бўлмаслигим керак эди, – деб ўйларди у. – Лекин худди шу касб учун туғилганман-ку, ахир. Тонг отиши билан тунецни еб олиш ёдимдан чиқмаса бўлгани».

      Қуёш кўтарилмасдан сал бурун орқа томондаги қармоқлардан бирига балиқ илинди. У қармоқ дастасининг синган товушини ва чилвирнинг қайиқ зийи оша сирғалиб тушаётганини эшитди. Қоронғи ичида у пичоғини ғилофидан суғуриб олди ва балиқнинг бутун оғирлигини чап елкасига туширган ҳолда, орқасига энкайди-ю, зийдаги чилвирни кесиб юборди. Кейин у ёнидаги чилвирни қирқди ва эҳтиёт калаваларнинг учларини тусмоллаб топиб бир-бирига маҳкам боғлаб қўйди. Чол тугунларни ечиб бўлмайдиган қилиш учун калаваларни оёқлари билан тутиб турганча, бир қўллаб чаққон ишларди. Энди унинг ихтиёрида олти эҳтиёт чилвир ўрами бор эди, – ҳар бир кесилган чилвирдан иккитадан тўртта ва балиқ илинганидан иккита, ҳар бир ўрам бир-бирига уланиб кетар эди.

      «Тонг ёриша бошлаши билан, – деб ўйларди чол, – қирқ саржинча ташланган чилвирни олишга ҳаракат қиламан-да, уни ҳам кесиб, эҳтиёт калаваларига улаб қўяман. Тўғри, бундай қилганда, икки юз саржинча пишиқ каталон арқонидан маҳрум бўламан. Илмоқлару, чўктиргичларни ҳисоблаб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳечқиси йўқ, бу нарсаларни қайта топиш мумкин. Аммо агарда қармоққа бошқа қандайдир балиқ илиниб, мана бунисидан бенасиб қилса, ким менга яна худди шунақасини топиб бера оларди? Ҳозир чўқигани қандай балиқ экан, билмайман. Балки, марлиндир, балки найза балиқ ёки акуладир. Нима бўлганини ҳатто пайқамай қолдим. Ундан тезроқ қутулиш керак эди».

      Овоз чиқариб деди:

      – Эҳ, ёнгинамда бола бўлсайди!

      «Аммо ёнингда


Скачать книгу