Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Читать онлайн книгу.кийиб олган сомон шляпаси манглайини қийиб юборганидан, оғриқ турган эди. Чол ташна бўлган, сув ичкиси келарди. У ўрамни тортқилаб юбормаслик учун, оҳиста тиззалаб, қайиқ бурнига иложи борича яқин борди ва бир қўли билан шишани олди. Унинг оғзини очиб, бир неча қултум ютди. Сўнг шу ерга ёнбошлаб, нафас ростлади. У елкан ўралган мачтага ўтириб, ҳеч нарсани ўйламасликка ва ҳуда-беҳуда куч сарф қилмасликка ҳаракат қилиб дам оларди.
Кейин чол келган йўлига назар ташлади ва ер аллақачон кўринмай кетганини кўрди. «Ҳечқиси йўқ, – деб ўйлади у. – Мен ўзим истаган маҳалда, Гавана чироқларини қора қилиб, орқага қайтишим мумкин. Кун ботишига икки соат қолди, у шу пайт ичида сузиб чиқса, ажаб эмас. Агар чиқмаса, ойдинда юқорига кўтарилар! Бу ҳам бўлмаса, балким, тонг билан чиқар. Қўлим ҳам айилиб кетаётгани йўқ, бардам-бақувватман. Қармоқни мен эмас, у ютган-ку. Аммо тортиши шунчалик бўлса, ўзи қандай балиқ бўлдийкин! Афтидан, чилвирни ҳам маҳкам қисиб олганга ўхшайди. Унга шундай бир қараб ололсам эди, ўшанда у билан қандай муомала қилишни ўзим билардим».
Чолнинг юлдузларга қараб қилган тахминига кўра балиқ ўз йўлини ўзгартирмасдан тун бўйи сузиб чиқди. Қуёш ботгандан сўнг совуқ турди, бутун орқаси елкалари, кексалик асар қилган оёқларида тер қотиб қолди, у совқотди. Кундузи чол хўракли яшик устига ташлаб қўйилган қопни олиб, қуритиш учун офтобга ёйиб қўйган эди. Кун ботгач, у қопни бўйни атрофини ўради-да, ўрам ипи остидан оҳиста ўтказиб, орқасига туширди. Энди ўрам залворидан елкаси аввалгидек қийилиб-қирчилмас, қайиқ бурнига ёнбошлаганча, қулайгина ўрнашиб олганидан, анчайин енгиллик туғилган эди. Тўғрисини айтганда, бу енгиллик номигагина эди. Аммо у ўзини буларнинг бари гўё шоҳона бир қулайлик деб ишонтирарди.
«Мен уни бир ёқли қилолмайман, – лекин у ҳам мени бир ёқли қилолмайди, – деди чол ўзига. – У бошқача бирон лўттибозлик ўйлаб чиқармагунча, шундай бўлади».
У бир марта ўрнидан турди, борт оша ёзилди, юлдузларга қараб, қайиқнинг қаёққа йўл тутаётганлигини белгилади. Чилвир унинг елкасидан тўппа-тўғри сувга тушиб турган нозиккина нур бўлиб кўринарди. Қайиқнинг ҳаракати энди секинлашган, Гавана чироқлари ҳам пилпиллаб хира кўринар эди, оқим уларни шарқ томонга суриб кетаётганга ўхшарди. «Гавана чироқлари кўринмай кетяптими, бас, демак биз борган сари шарққа қараб боряпмиз, – деб ўйлади чол. – Агар балиқ йўлини ўзгартирмаган бўлганда, мен уларнинг ҳали яна бир неча соат кўриб турган бўлардим. Қизиқ, бугунги ўйинларнинг натижаси қандай бўлдийкин? Қани энди қайиғингда радио бўлса!» Аммо ўз ўйини ўзи бўлди: «Ҳадеб алаҳсийверма! Қилаётган ишингни ўйла. Қовун тушириб қўймаслик учун, ўйла».
Кейин овоз чиқариб деди:
– Боланинг ёнимда йўқлиги ёмон бўлди. Ҳарна мадад эди. Ҳам буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган бўларди.
«Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан, – деб ўйларди у. – Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди. Тунец ҳидланиб қолмасдан бурун еб олишни унутмасам бўлгани, ахир, мен кучдан қолмаслигим керак. Унчалик очиқмаган тақдиримда ҳам, уни эрта билан еб олиш