Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн книгу.мен бу уйнинг бекасиман, деяпман-ку сизларга, мен Бонасе хонимман, қироличага хизмат қиламан, деяпман-ку сизларга! – қирқирарди шўрлик аёл.
– Бонасе хоним! – шивирлади д’Артаньян. – Наҳотки омадим келиб, ҳамма қидираётган нарсани топган бўлсам!
– Биз худди сизни кутиб турган эдик! – деб жавоб бердилар унга.
Товуш тобора бўғилиб борарди. Аллақандай тўстўполон кўтарилди.
Аёл киши тўрт нафар эркак кишига қандай қаршилик кўрсата олса, аёл шундай қаршилик қилмоқда эди.
– Қўйиб юборинг мени, қўйиб… – эшитилди яна аёлнинг товуши. Бу сўнгги аниқ товушлар эди.
– Улар оғзига сўлиқ тиқишяпти, уни ҳозир олиб кетишади! – пружинада ўтирган сингари сапчиб туриб, хитоб қилди д’Артаньян. – Қилични!.. Ҳа, ўзимда экан… Планше!
– Лаббай?
– Атос, Портос ва Арамисларга чоп. Учаласидан бирини топишинг аниқ, эҳтимол, учови ҳам аллақачон уйига қайтгандир. Қуролини ҳам ола келишсин, шошилишсин, бу ёққа чопишсин… Уҳ, эсим қурсин. Атос де Тревилникида-ку.
– Лекин, ўзингиз қаёққа, ўзингиз қаёққа ахир, тақсир?
– Мен деразадан пастга тушаман! – қичқирди д’Артаньян. – Шунда тезроқ бўлади. Сен бўлсанг паркетдаги тешикни тўғрила, полни супуриб қўй, эшикдан чиқиб, мен буюрган жойга чоп.
– О, тақсир, тақсир, йиқилиб майиб бўласиз! – қичқириб юборди Планше.
– Жим бўл, эшак! – деб ҳайқирди д’Артаньян.
Шундан кейин у қўллари билан дераза токчасини маҳкам тутиб, бахтига унча баланд бўлмаган иккинчи қаватдан сакраб тушди, ҳатто, лат ҳам емади.
Шу заҳоти у кўча эшигига яқинлашди-ю, эшикни аста қоқиб, шивирлади:
– Ҳозир қопқонга илинаман, шундай сичқонга тегишга журъат қиладиган мушуклар ҳолига вой!
Болғача эшикка урилмасданоқ, ичкаридаги тўстўполон тинди. Қадамлар товуши эшитилди, эшик очилди-да, д’Артаньян қиличини яланғочлаганича жаноб Бонасенинг уйига бостириб кирди, афтидан, пружина қўндирилган эшик унинг ортидан ўзи ёпилиб қолди.
Шунда бу машъум уйдаги бошқа кишилар ҳамда яқин-орадаги қўни-қўшнилар дод-фарёдлари, дупур-дупур товушлари, қиличларнинг жаранги-ю сурилаётган уй анжомларининг тақир-туқурини эшитишди. Ҳаял ўтгач, тўс-тўполондан безовта бўлган ва нима гаплигини билмоқ учун деразадан бошини чиқарганларнинг ҳаммаси эшик яна очилиб, ундан қора либос кийган тўрт киши ҳуркитилган қарғаларга монанд қанотларидан юлинган патлари, бошқача қилиб айтганда – устбошининг қийқимлари билан ридоларининг парчаларини пол ва бурчак-бурчакда қолдириб, чопиб эмас, отилиб чиққанларини кўришлари мумкин бўлди.
Шуни айтиш лозимки, д’Артаньянга ғалаба бир мунча осон насиб бўлди, чунки, изқуварлардан фақат биттаси қуролланган экан, у ҳам бўлса, ўзини хўжакўрсинга мудофаа қилиб турди. Рост, қолганлари ёш йигитга стул, курси, ҳатто, тувакларни ирғитиб гангитишга уриндилар. Лекин, гасконлик йигит қиличини бирикки сирпаши уларнинг қутини учириб юборди. Уларга узил-кесил зарба бериб, жанг майдонининг ҳокими бўлиш учун д’Артаньянга ўн дақиқа кифоя қилди.
Ўша