Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн книгу.герсог Бэкингемнинг қаердалигини билганимда эди, ақалли кардиналнинг жонига тегиш учун унинг қўлларидан ушлаб, қироличанинг ҳузурига элтиб қўйган бўлурдим. Ахир бизнинг энг ашаддий душманимиз – кардиналку, башарти, унга бирор қалтис ҳазил қилишга баҳона топилганда эди, мен ҳатто, бошимни тикишга тайёр бўлардим.
– Аттор ҳам, – сўради Атос, – Бэкингемни бу ёққа сохта мактуб билан чақирганлар, деб қиролича чўчиётганини рамз қилдими сизга, д’Артаньян.
– У шундан қўрқаётир.
– Сабр қилинг, – деди Арамис.
– Нима гап? – сўради Портос.
– Ҳеч нима, давом этаверинг. Мен баъзи жиҳатларини эслашга уриняпман.
– Ҳозир эса ишончим комилки, – деб давом этди д’Артаньян, – ишончим комилки, бу аёлнинг ўғирланиши биз гапирган воқеалар билан, эҳтимол, герсог Бэкингемнинг Парижга келиши билан ҳам вобаста.
– Бу гасконликнинг зеҳни ғоят ўткир-да! – қойил бўлиб хитоб қилди Портос.
– Мен уни тинглашни жуда севаман, – деди Атос. – Унинг талаффузи кўнглимни очади.
– Қулоқ солинг, муҳтарам жаноблар! – дея гап бошлади Арамис.
– Арамисни эшитайлик! – хитоб қилишди дўстлар.
– Кеча мен овлоқ даҳада бир ақоидшунос олимникида эдим, илмий ишларим талаб этганда у билан маслаҳатлашиб тураман…
Атос жилмайиб қўйди.
– Машғулотлар йўсини ва ўз ҳавасларига мувофиқ, – давом этди Арамис, – у йироқ даҳада истиқомат қилади. Шундай қилиб, мен уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Шу ерда Арамиснинг нафаси ичига тушиб кетди.
– Хўш, нима бўлди? Сиз уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Арамис ёлғон гапира-гапира ногоҳ тўсиққа қоқилиб кетган киши сингари тараддудланиб қолди. Лекин, тингловчиларнинг кўзлари унга қадалган, ҳамма зориқиб, ҳикоянинг давомини кутар ҳамда чекиниш учун фурсат ўтган эди.
– Ўша ақоидшуноснинг жияни бор… – давом этди Арамис.
– Шундай денг! Унинг жияни бор денг! – деб унинг сўзини бўлди Портос.
– Жуда ҳурматли хоним, – изоҳ берди Арамис.
Учала дўст кулиб юборди.
– Агар сўзларимдан шубҳа қилиб кулаётган бўлсангиз, – деди Арамис, – ортиқча ҳеч нарса билмайсиз.
– Биз мусулмонлар каби мўминмиз ва катафалк27 каби гунгмиз, – деди Атос.
– Демак, мен давом этяпман, – яна сўз бошлади Арамис. – Ўша жиян аҳён-аҳёнда тоғасидан хабар олиб туради. Кеча иттифоқо у мен билан бир вақтда бориб қолиб, уни извошгача кузатиб қўйишимга тўғри келди…
– Э, шунақа денг ҳали! Извош бор эканми, ўша ақоидшуноснинг жиянида? – деб асосий қусури тилни тишлаб тура билмасликдан иборат бўлган Портос яна унинг сўзини бўлди. – Ажойиб танишлик, дўстим.
– Портос, – деди Арамис, – етарли даражада камтар эмассиз, бу аёллар назарида сизни камситади, деб сизга бир қур айтиб ўтган эдим.
– Жаноблар, жаноблар, – бутун воқеанинг тагидаги гапга фаҳми етиб, хитоб қилди д’Артаньян, – иш жиддий! Иложи бўлса ҳазиллашмасликка ҳаракат қилсак.
27
Катафалк – мурдани мозорга олиб борадиган темир арава.