Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн книгу.билан ўраб олишга уринардилар. Де Тревиллар гербидаги ёзувнинг иккинчи қисми – «кучли» сўзини ўз девизи деб ҳисоблай оладиганлар кўплаб топилиши мумкин эди-ю, аммо дворянлардан камданками бу ёзувнинг биринчи қисмини ташкил этган «содиқ» ташбеҳига даъво қила оларди. Тревиль бу ҳуқуққа эга бўлган. У зеҳни ўткир, чангали маҳкам, ўша содиқ итлардай бемулоҳаза, кўр-кўрона итоат қиладиган ноёб кишиларнинг бири эди. Кўзлари – қирол бирор кимсадан жаҳли чиққан-чиқмаганини пайқаб олмоқ, қўллари эса гуноҳкорни – бирор Бема ёки Мореверними, Полтроними, де Мере ёки Витриними жазосини бермоқ учун унга хизмат қиларди. Шу дамгача ўзини кўрсатиш учун фақат баҳона бўлмаган, аммо кези келганда, ўша баҳонанинг гирибонидан дарҳол тутиш учун у пайт пойлаб юрарди. Генрих III нинг ординар соқчилари, Людовик XI нинг шотланд гвардияси қандай роль ўйнаган бўлса, худди шундай аҳамиятга молик ўз мушкетёрларига Людовик XIII капитан қилиб, де Тревилни бежиз тайинламаган эди.
Кардинал бу жиҳатдан қиролга ён бермасди. Людовик XIII ўзини мумтоз кишиларнинг қандай ҳайбатли сафи билан ўраб олганини кўриб, Франциянинг бу иккинчи ёки, тўғрироғи, биринчи ҳукмдори ҳам ўз гвардиясига эга бўлишни ихтиёр қилиб қолди. Шунинг учун Людовик XIII нинг ўз мушкетёрлари бўлганидек, у ҳам ўзиникига эга бўлган ва бу икки рақиб-ҳукмдорларнинг барча Франция вилоятларидан, ҳатто, чет эл давлатларидан ўзининг жанговар қаҳрамонликлари билан донг чиқарган кишиларни териб олишларини кузатиш мумкин бўлган. Кўпинча оқшомлари Ришелье ва Людовик XIII шахмат партияси устида ўз жангчиларининг фазилатлари борасида баҳслашиб ҳам қолардилар. Уларнинг ҳар бири ўзиникининг хушқадлиги, ботирлигидан керилар ва оғзида тўқнашув ва муборазаларни қоралаб, зимдан ўз шахсий соқчиларини тўқнашувларга ундарди. Мушкетёрларининг ғалабаси ёки мағлубияти уларга чексиз қувонч бахш этар ёки чинакам қайғуга соларди. Шу ғалабаларнинг кўпига ва баъзи мағлубиятларга иштирокчи бўлган киши ўз мемуарларида лоақал шундай тасвирлаган.
Тревиль ўз ҳукмдорининг бўш жойини билиб олди ва бунинг учун дўстликда субутсизлиги билан донг чиқарган қиролнинг узлуксиз илтифотидан миннатдор бўлмоғи лозим эди. Кардинал Арман дю Плесси Ришельенинг олдидан мушкетёрларини парад марши билан ўтказган кезларда унинг такаббур сиёҳи бузрукворнинг оппоқ мўйловларини диккайтириб юборарди. Ё душманлари ҳисобига, ё ватандошлари ҳисобига кун кўришга тўғри келган ўша замон уруш санъатини у ипидан игнасигача биларди; унинг аскарлари ёлғиз ўзига итоат қиладиган бебош зўравонларнинг легионини ташкил этганди.
Қиролнинг ёки, тўғрироғи, жаноб де Тревилнинг сармаст, тирналган, пала-партиш кийинган мушкетёрлари қовоқхоналарда, кўнгилочар жойларда мўйловларини бураб, қиличларини пеша қилиб, бақириб-чақириб юришарди, йўлларида дуч келган кардинал шахсий соқчиларининг жиғига тегиб ҳузур қилишарди. Кейин минг қайта пичинглар билан қиличлар қинидан чиқариларди. Уларни ўлдиришган ва улар мотам тутиб, ўзлари учун қасос олишларига комил ишонч билан йиқилган ҳоллар