Ахлоқи кабир. Аристотель
Читать онлайн книгу.мулоҳазалардан мақсадимиз ҳаким Арастунинг «Фи-с-синоат аш-шеър – («Шеър санъати» – «Поэтика») асарида айтган фикр-мулоҳазаларини исботлаб кўрсатишдан ва унинг маъноларига ишора қилишдан иборатдир. Зероки, ана шу мулоҳазалар билан шеърий санъат ишқибозларининг барчасини таништириш ниятидамиз. Шуниси ҳам борки, ҳаким Арасту ўзининг «Шеър санъати» у ёқда турсин, ҳатто софистика ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам мукаммал баён қилиб улгурмаган эди. Шунинг учун бу борадаги гапларнинг ҳаммасини ипидан-игнасигача муфассал қилиб, тартиби билан битмоқчи эмасмиз. Чунки «Софистика санъати» асарининг охирги жумлаларида Арасту айтиб ўтган мулоҳазаларга қараганда, у бунинг сабабини аҳволни чинакамига ифодалаб бериш учун ўзидан олдин ўтганларнинг асарларига мувофиқ келадиган, (эскиларни) тартибга тушириб, улар асосида янгиларини пайдо қиладиган бирор усул ва қонун-қоидалар тополмагани билан изоҳлаган.
Ҳаким Арасту ўзининг шундай фазилати ва даҳоси билан тугатиб қўйишга жазм қилолмаган бир ишни биз ниҳоясига етказишга интилишимиздан кўра, бу санъатда фойда берадиган ва ҳозирги замонда учрайдиган қонун-қоидалар, мисол ва мулоҳазалар келтириш билан чеклансак яхшироқ бўлади.
Модомики шундай экан, биз деймизки, … маънони билдирадиган сўзлар содда ва мураккаб бўлади. Мураккаб бўлган сўзлар бирор мулоҳазани ё англатади, ё англатмайди. Мулоҳазани англатадиганларининг қатъий жазмлилиги ва жазмсизи бўлади. Қатъийлари ё тўғри, ё ёлғон бўлади. Ёлғонларининг баъзилари эшитувчилар зеҳнига маъноси билан ўрнашиб қолади, бошқалари эса киши онгида нарсаларнинг ўхшаши – акси билан ўрнашиб қолади. Мана шу нарса ўхшатиш – шеърий мулоҳазалар саналади.
Мана шу акс – ўхшашликларнинг баъзилари энг мукаммал бўлади, бошқалари нуқсонли бўлади. Уларнинг мукаммаллигини ё нуқсонли эканини аниқлаш шоирлар ва турли-туман тил ва шеъриятни ўрганаётган маърифат аҳлининг фикр доирасига киради. Лекин бундан ҳеч ким софистика билан акс этиш икковини бир сўз деб ўйламасин. Булар иккови ҳам баъзи сабабларга кўра бир-биридан бутунлай фарқ қилади.
Софистнинг мақсади билан тақлидчининг мақсади турлича, бир-биридан фарқ қилади. Софист эшитувчини ғалатга ундаб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нуқсонли нарсаларни (одамнинг) кўз олдига келтириб қўяди. Ҳатто у мавжуд нарсани номавжуд деб, номавжуд нарсаларни эса мавжуд деб тасаввур қилдиради.
Аммо тақлидчи бўлса нарсанинг тескарисини эмас, балки ўхшашини тасаввур қилдиради. Бунга ўхшаш нарсалар ҳисда ҳам учрайди. Ўз жойида турган киши шундай ҳолатга тушса, гўё ҳаракат қилаётгандай бўлади. Масалан, кемага минган киши кемадан тушиб қирғоқда қолганларга қараса ёки ёз чоғида осмондаги ой ва юлдузларга тез сузаётган булутлар ортидан қаралса шундай бўлади. Бундай ҳол одамларнинг ҳисларини чалғитади.
Аммо кўзгуга ёки ялтироқ силлиқ жисмга қараган кишининг ҳоли ҳам худди шундай бўлади, унга назар ташлаб, ўша нарсаларга ўхшаш нарсани кўраётгандай туюлади. Мулоҳазалар бир қанча бошқа қисмларга ҳам бўлиниши мумкин.