Бахт етказиш: Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи. Тони Шей
Читать онлайн книгу.этишимизни айтганимда у менга бу бизнеснинг келажаги йўқдай кўринаётганини айтганди. Мана ҳозир, бир ҳафта ўтмай Санжай билан «Oracle» дан кетиб тўғри қилганимизга шубҳаланиб қолдик.
Кейинги бир неча ҳафта оғир ва бироз эзгин ўтди. Зерикишни енгиб, кўнгил ёзиш учун кўп вақтимизни интернетда ўтказа бошладик. Санжайнинг кийим жавонига ухлашга киришини томоша қилиш ягона қизиқарли машғулот эди. Биз бироз ақлдан озишни ҳам бошлаётгандик.
Хайриятки, иккимизнинг ҳам университетдаги ишимиздан орттирган етарли пулимиз бор эди. Шунинг учун йилнинг қолган қисмида ижара ҳақини тўлаш ҳақида қайғурмасак ҳам бўларди. Нимани хоҳлашимизни билмасдик, лекин нимани хоҳламаслигимизни билиб олдик. Биз «Oracle» да ишлашни хоҳламасдик. Ортиқ веб-дизайн билан шуғулланишни ҳам хоҳламасдик. Ортиқ савдо алоқалари қилишни хоҳламасдик. Ва биз зерикишни хоҳламасдик.
Шундай қилиб, биз кун-тун интернет билан боғлиқ кейинги бизнес ғояни ўйлаб топиш билан овора эдик, лекин бирор арзирли фикр келмасди. Бир куни дам олиш кунида зерикканимиздан бир ғояни синаб кўриш учун компьютер дастури тузишга қарор қилдик. Уни дастлаб интернет «LinkExchange (ILE)» деб номлаганмиз, кейинчалик уни қисқача «LinkExchange» қилиб ўзгартирганмиз.
«LinkExchange» ортидаги ғоя жуда оддий эди. Агар сизнинг веб-саҳифангиз бўлса, бизнинг хизматимиз учун текинга рўйхатдан ўтишингиз мумкин эди. Рўйхатдан ўтганингиздан сўнг, веб-саҳифангизга махсус кодни жойлаштирасиз ва сайтингизда автоматик равишда реклама баннерлари кўрина бошлайди.
Ҳар сафар кимдир веб-сайтингизга кириб, рекламани кўрса, сизга тушган пулнинг ярми берилади. Шундай қилиб кунига мингта фойдаланувчи сайтингизга кирса, сиз умумий даромаднинг ярмини оласиз. Ушбу даромад билан биргаликда, сизнинг веб-сайтингиз «LinkExchange» тармоғида беш юз марта бепул реклама қилинарди. Шунинг учун бу катта реклама бюджетига эга бўлмаган веб-сайтларга қўшимча равишда ўзларини текинга намойиш қилишлари учун ажойиб имконият эди. Қолган беш юзта реклама имкониятини ўзимиз учун сақлаб қўярдик. Ғоя шундай эдики, вақт ўтиши билан «LinkExchange» тармоғини кенгайтириб, охир-оқибат катта корпорацияларга сотиш учун етарли реклама имкониятларига эга бўлардик.
Санжай билан биргаликда тажрибамиз учун дастурлаш қисмининг барчасини бир ҳафтада якунладик, сўнг интернетдаги ўзимиз ёқтирган кичкина веб-сайтларнинг элликтасига электрон почта орқали хабар юбордик. Улардан янги хизматимизни синовдан ўтказишда ёрдам беришини сўрадик.
Ажабланарлиси, йигирма тўрт соат ичида биз хабар жўнатган сайтларнинг ярми хизматни синовдан ўтказишда ёрдам бериш учун рўйхатдан ўтди. Одамлар уларнинг саҳифаларига кириб, реклама баннерларини кўргани сари «LinkExchange» ҳақида сўзлар тарқала бошлади. Бир ҳафта ичида шунчаки зерикишдан қутулиш учун яратган лойиҳамиз каттароқ самара бериши мумкинлигини англадик. «LinkExchange» ни муваффақиятли бизнесга айлантиришга бор диққат-эътиборимизни қаратишга қарор қилдик.
Кейинги беш ой шамолдай ўтди. Борган сари кўпроқ веб-сайтлар бизнинг хизматимизга рўйхатдан ўтарди.