Ахлоқи кабир. Аристотель
Читать онлайн книгу.фарқланганидай) чамаси, бадиий маҳорати ёки табиий истеъдоди туфайли бу масалага ҳам тўғри қараган28. У «Одиссея»ни ижод этганида, қаҳрамон нималарни бошидан кечирган бўлса, ҳаммасини, масалан, у Парнасда қандай ярадор бўлганини, урушга ёрдам тўплаш вақтида қандай қилиб ўзини жинниликка солганлигини кўрсатмади, чунки бу воқеалардан бирининг орқасидан бошқаси рўй бериши учун ҳеч қандай зарурат (ёки) эҳтимоллик йўқ эди; ҳа, у «Одиссея»ни, шунингдек, «Илиада»ни ҳам биз айтган маънода бир воқеа доирасида яратди. Бинобарин, акс эттиришнинг ўзи, бошқа муқаллид санъатлардаги сингари, битта (нарса)га ўхшатувдир, шунингдек, ривоят ҳам битта ва айни вақтда ягона ва яхлит воқеанинг тасвири бўлиши лозим. Сўнгра воқеаларнинг қисмлари шундай жойлаштирилиши зарурки, бирон қисм алмаштирилганда ё олиб ташланганда яхлит нарса ўзгариб кетсин, ё ҳаракатга келсин, чунки мавжудлиги ё мавжуд эмаслиги сезилмаётган нарса бутуннинг узвий қисми бўла олмайди.
IX
Айтилганлардан шу нарса маълум бўладики, шоирнинг вазифаси ҳақиқатан бўлиб ўтган воқеа ҳақида эмас, балки содир бўлиши мумкин бўлган, демак, бўлиши тахмин этилган ё бўлиши зарур бўлган воқеа ҳақида сўзлашдир. Зеро, тарихчи ва шоир бир-биридан бири вазн – назмда, бошқаси эса насрда ёзиши билан фарқланмайди. (Ахир Геродот асарларини ҳам шеърга солиш мумкин. Бироқ унинг асарлари хоҳ назмда, хоҳ насрда бўлсин, бари бир тарихлигича қолаверади.) Тарихчи ва шоир шу билан тафовутланадики, уларнинг бири ҳақиқатан бўлган, иккинчиси эса бўлиши мумкин бўлган воқеа ҳақида сўзлайди. Шунинг учун поэзия тарихга қараганда фалсафийроқ ва жиддийроқдир: поэзия кўпроқ умумий, тарих эса алоҳида воқеаларни тасвирлайди. Поэзияда қандайдир характер эҳтимол ё зарурият туфайли бундай, ёки ундай сўзлаши, ҳаракат қилиши керак. Мана шуни умумлашув дейилади. Поэзия қаҳрамонларга исм қўйиш орқали умумийликка интилади. Энди, масалан, Алкивиаднинг нима қилгани, унга нима бўлгани эса – бу якка, алоҳида ҳодисадир. Комедияда шундайлиги ҳеч қандай шубҳа туғдирмайди29. Унда шоирлар эҳтимоллик қонунлари асосида воқеа тузиб, қаҳрамонларга хоҳлаган исмларни қўядилар, улар ямбдан фойдаланувчи шоирларга ўхшаб, айрим шахслар учунгина (ҳажв) ёзишмайди. Трагедияда номларни ўтмишдан олишга риоя этилади, бунинг сабаби шуки, (фақат) содир бўлиш имконияти бор, эҳтимол тутилган воқеаларгина ишончли бўлади. Эҳтимоллиги, юз бериш имконияти йўқ воқеаларга эса ишонмаймиз, юз берган нарса, шаксиз ишончлидир, чунки у агар юз бериш имкони бўлмаганда содир бўлмаган бўлур эди. Шундай бўлса-да, баъзи трагедияларда битта ё иккита исм машҳур, қолганлари эса ўйлаб топилган, баъзиларида эса ҳатто битта ҳам машҳур ном йўқ. Масалан, Агафоннинг «Гул»ида воқеалар ҳам, номлар ҳам бир йўсинда тўқималигига қарамай, бу асар бари бир шуҳрат қозонмоқда30. Шундай экан, трагедияга асос бўладиган анъанавий ривоятларга маҳкам ёпишиб олиш шарт эмас. Бунга интилиш ҳақиқатан кулгилидир, чунки ҳатто аён бўлган воқеа оз кишиларгагина
28
Арасту бизгача етиб келмаган «Шоирлар ҳақида» асарида «истеъдод» ва «санъаткорлик», «маҳорат» тушунчаларини қиёслаган. Чамаси, у санъаткорликдан «истеъдод»ни устун қўйган.
29
Арасту «комедия» деганда қадимги, Аристофан давридаги ямбнавислик асарларини эмас, янгича комедияни назарда тутади.
30
Агафон – Эврипиднинг кичик замондоши, Афлотуннинг «Базм» асари қаҳрамони, трагик поэзияга муҳим янгиликлар киритган. Унинг пьесаси «Гул», «Анфей» (тўқима исм) деб ўқилиши мумкин.