Ахлоқи кабир. Аристотель
Читать онлайн книгу.шакллар ёрдамида кўп нарсаларнинг тасвирини – ўхшашини тасвирлайдилар. Ҳозиргина эслаб ўтилган санъатларнинг ҳаммасида ҳам алоҳида ё ритм, ё сўз ва ёхуд гармония ёрдамида, ёки шуларнинг ҳаммаси уйғунлигида тасвирлайдилар. Авлетика ва кифаристика ҳамда мусиқа санъатининг бошқа хиллари фақат гармония ва ритмдан фойдаланади. Масалан, сурнай чалиш санъати, рақс санъатида хусусан гармониясиз, ритм ёрдами билан ўхшатадилар, чунки улар айни ифодали ритмик ҳаракатлар орқали характерлар, эҳтирослар ва воқеаларни қайта гавдалантирадилар. Бироқ вазнли сўз ёрдамида, шунингдек, бир неча вазнни аралаштириб ё улардан биронтасини қўллаш йўли билан юзага келувчи, ёхуд яланғоч (вазнсиз) сўз воситасида тасвирлаш санъати ҳозиргача (таърифланмай) қолаётир . Биров триметр, элегик ёки бошқа шунга монанд шеър турлари ёрдамида тасвирлайди. Шундай экан, биз Софрон ва Ксенарх мимларига ҳам, Суқротона суҳбатларга ҳам умумий ном бера олмаймиз. Фақат «ижод» тушунчасини вазн билан боғловчи кишиларгина ҳаётни қайта гавдалантириш моҳияти туфайли эмас, умуман, вазн туфайли (уларнинг ҳаммасини) шоирлар деб улуғлаб, баъзи бирларини элегиклар, бошқаларини эпиклар деб атайдилар. Мабодо, медицина ёки физикага оид қандайдир рисолани вазнга туширган ҳолда нашр этсалар, муаллифни одатда шоир деб атайдилар. Бу ўринда Ҳомер ва Эмпедокл2 билан вазндаги яқинликдан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ, шу боисдан ҳар иккисини шоир дейишдан кўра, биринчисини шоир, иккинчисини табиатшунос деб аташ адолатлидир. Шу билан баробар, Ҳеремон3 «Кентавр»да барча вазнларни аралаш ҳолда қўллаб, рапсодияларни барча ритмик ўлчовлардан яратгани сингари кимдир ҳамма вазнларни қўшган ҳолда ишлатиб, асар ёзиб чиқарса, (уни) ҳам шоир деб аташга тўғри келади. Бу масала хусусида шу айтилганлар етарли бўлар.
Бироқ баъзи бир санъатлар борки, улар ҳамма айтилганлардан, яъни ритм, оҳанг ва вазндан фойдаланади, масалан, дифирамбик поэзия, комлар, трагедия ва комедия шулар жумласидандир. Булар шу билан фарқланадики, уларнинг баъзилари мазкур воситалардан бирданига, бошқалари эса айрим қисмларидангина фойдаланади, холос. Мен санъатлар ўртасидаги тасвирлаш воситаларига тааллуқли бўлган фарқларни шундай тушунаман.
II
Санъаткорлар муайян шахсларни тасвирлайдилар, улар эса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. (Негаки, шахсларнинг қандайлиги шу билан белгиланади, зеро, ҳамма одамлар характерларидаги иллатлари ёки фазилатлари жиҳатидан фарқланадилар). Улар биздан яхшироқ ёки биздан ёмонроқ, ёки ҳатто биздек бўладилар. (Худди рассомлардагидек. Полигнот, масалан, энг яхши одамларни, Павсон – ёмонларни, Дионисий эса бизга ўхшаш кишиларни тасвирлайди.4) Чамаси, юқорида айтилган тасвирий усулларнинг ҳар бири ҳам ана шундай тафовутларга эга бўлади. Демак, хилма-хил предметларнинг тасвири ҳам ҳар хил бўлади. Чунки шунга ўхшаш фарқланувчи хусусиятлар рақсда ҳам, авлетикада, сурнай, кифара чалишда, наср ва оддий шеърда ҳам бўлиши мумкин. Ҳомер – энг яхшиларни, Клеофонт
2
Эмпедокл – мил.авв. V асрда яшаган, «Табиат ҳақида» поэмасининг муаллифи, Арасту бошқа бир ўринда уни «энг Ҳомерона» шоир дейди. Аммо, шунга қарамай, «акс эттириш предметига кўра» у шоир эмас, олимдир.
3
Ҳеремон – мил.авв. IV асрда яшаган, драма ижодкори.
4
Машҳур Полигнот ва колофонлик Дионисий Юнон – Эрон урушлари даври (мил.авв. VI аср)да яшаган. Карикатурачи Павсон сал кейинроқ, Аристофан даврида ўтган.