МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон
Читать онлайн книгу.ва ижтимоий мавқеига кўра турли тоифа вакилларидан бўлган. Уларнинг кўпчилиги патентлари асосида муваффақият қозонди. Жумладан, фонограф (овоз ёзиш қурилмаси) ва чўғланма лампа ихтирочиси Томас Эдисон ҳозиргача дунёнинг энг йирик компаниялардан бири ҳисобланган “General Electric” компаниясига асос солган. Эдисон оилада етти фарзанднинг кенжаси эди. Унинг отаси Самуэл Эдисон томлар учун қопламалар тайёрлаш, тикувчилик, майхона юргизиш каби ҳар турли ишларда ўзини синаб кўради. Томас мактабга жуда кам қатнаган, унга уйда онаси таълим берган.
1820–1845 йилларда AҚШда патент берилганларнинг бор-йўғи 19 фоизи яхши таълим олган ёки йирик ер эгалари бўлган ота-оналарнинг фарзандлари эди. Шу даврда патент олганлардан фақат 40 фоизи худди Эдисон каби бошланғич таълимнигина битирган ёки умуман мактаб кўрмаган кишилар бўлган. Шу билан бирга, улар Эдисонга ўхшаб кўпинча янги фирма очиш орқали ўз патентларидан фойдаланишган. ХIХ асрда AҚШ сиёсий жиҳатдан дунёдаги ўша давр учун энг демократик давлат бўлгани ҳолда, инновациялар борасида ҳам бошқалардан кўра эркинроқ мамлакат эди. Бу эса AҚШнинг иқтисодий жиҳатдан дунёдаги энг инновацион мамлакатга айланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Борди-ю, сизда яхши ғоя бўлса, камбағал бўлсангиз ҳам, барибир унча қиммат бўлмаган патентни қўлга киритишингиз мумкин. Патентдан пул ишлаш мақсадида фойдаланиш эса мутлақо бошқа нарса бўлиб, бунинг бир йўли, шубҳа йўқки, патентни бошқа бировга сотиш эди. Дастлаб Эдисон ҳам пул жамғариш учун шундай қилган, у тўрт томонлама телеграф аппарати патентини “Western Union” компаниясига 10 минг доллар эвазига сотиб юборади. Aммо патентларни пуллаш фақат Эдисонга ўхшаганларга, тўғрироғи, ғояларни амалда қўллашдан кўра ғоялар ўйлаб топишга уста одамлар учун маъқул иш (Эдисон патентларга эгалик қилиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатган бўлиб, унинг ҳисобида AҚШнинг ўзида 1093 та патент мавжуд, дунё бўйича эса бир ярим минг патент олишга муваффақ бўлган). Патентдан пул ишлашнинг энг мақбул йўли эса ўз бизнесини йўлга қўйиш эди. Бироқ бизнес бошлаш учун сармоя, қарзга сармоя олиш учун эса банклар керак бўларди.
Aмерикалик ихтирочиларнинг яна бир бор омади чопди. ХIХ асрда молиявий воситачилик ва банк хизматларининг шитоб кенгайиб бориши кузатилди. Бу эса иқтисодиёт бошдан кечираётган жадал тараққиёт ва саноатлаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. 1818 йилда AҚШда умумий активлари 160 миллион долларни ташкил қилган 338 та банк ишлаган бўлса, 1914 йилга келиб, банклар сони 27 864 тага, уларнинг умумий активлари ҳажми эса 27.3 миллиард долларга етади. Aмерикалик бўлажак ихтирочиларга ўз бизнесларини бошлаш учун зарур сармояни олишга қулай шароитлар муҳайё қилинганди. Бундан ташқари, AҚШдаги банклар ва молиявий институтлар ўртасидаги кучли рақобат ҳам сармояни анчагина паст фоизларда олиш имконини берарди.
Мексикада эса вазият ўзгача бўлди. Мексика инқилоби бошланган 1910 йилда мамлакатда бор-йўғи қирқ иккита банк мавжуд бўлиб, улардан иккитаси барча банк активларининг 60