МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон
Читать онлайн книгу.бошлашга замин яратди. Aйнан ўша институтлар уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш учун сармоя билан ҳам таъминлади. Aмерика меҳнат бозори уларга тажрибали ходимларни ёллаш имконини берган бўлса, рақобат муҳити уларга компанияларини кенгайтириш ва маҳсулотларини сотишга йўл очди. Аввалбошданоқ бу ишбилармонларнинг орзуларидаги лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигига ишончлари комил эди: улар мавжуд институтларга, улар яратган қонун устуворлигига ишонди ва мулкка эгалик ҳуқуқлари хавфсизлиги борасида қайғурмади. Ниҳоят, сиёсий институтлар барқарорлик ва давомийликни кафолатлади. Сиёсий институтлар, аввало, ҳокимиятни диктатор эгаллаб олиб, ўйин қоидаларини ўзгартириши, тадбиркорларнинг бойликларини тортиб олиши, уларни қамоққа ташлаши, ҳаёти ёки мол-мулкларига таҳдид солишининг олдини олди. Иккинчидан, сиёсий институтлар жамиятдаги ҳеч бир манфаат ҳукумат сиёсатини иқтисодий жиҳатдан ҳалокатли йўналишга буриб юбора олмаслигини ҳам кафолатлади. Негаки, сиёсий ҳокимият ваколатлари чегараланган ва турли гуруҳлар ўртасида етарлича тақсимланган бўлиб, бу тараққиёт учун рағбатлар яратадиган иқтисодий институтларни юзага чиқарди.
Мамлакатнинг камбағал ёки фаровон бўлиши иқтисодий институтларга асосланаркан, унда қандай иқтисодий механизмлар бўлишини айнан сиёсат ва сиёсий институтлар белгилашини мазкур китоб кўрсатиб беради. Aлалоқибат, AҚШнинг тўғри йўлга қўйилган иқтисодий институтлари 1619 йилдан кейин тадрижий пайдо бўлган сиёсий институтларнинг меваси ҳисобланади. Бизнинг глобал тенгсизлик назариямиз сиёсий ва иқтисодий институтларнинг қашшоқлик ёки фаровонликка сабаб бўлишдаги ўзаро боғлиқлигини ҳамда дунёнинг турли ўлкалари ана шундай турфа институтларга қай тариқа тушиб қолганини кўрсатиб беради. Шимолий ва Жанубий Aмерика тарихи бўйича қисқача таҳлилимиз сиёсий ва иқтисодий институтларни шакллантирган кучлар ҳақида тасаввур бера бошлади. Бугунги институтларнинг турли тузилишларда бўлиши илдизлари ўтмишга бориб тақалади, чунки жамият ўтмишда муайян тарзда ташкил этилгач, одатда ўша тарзда давом этаверади. Биз бу давомийлик сиёсий ва иқтисодий институтларнинг бирбирига қандай таъсир кўрсатишидан келиб чиқишини намойиш этамиз.
Даврлар ўтиши билан мавжуд институтларнинг бардавомлиги ва бу давомийликка олиб келувчи кучлар жаҳондаги тенгсизликни йўқотиш ва камбағал мамлакатларни тараққий эттириш нима сабабдан шунчалик қийинлигини ҳам изоҳлаб беради. Гарчи айнан мавжуд институтлар иккала Ногалес ҳамда AҚШ ва Мексика орасидаги фарқларнинг асоси бўлса-да, бу Мексикада уларни ўзгартиришга ҳамма ҳам рози бўлишини англатмайди. Жамиятда иқтисодий юксалиш ва аҳоли фаровонлиги учун энг яхши институтларни яратиш ёки жорий қилишга ҳожат йўқ, чунки сиёсатни ва сиёсий институтларни назорат қилаётганларга бошқача институтлар фойдалироқ бўлиши мумкин. Ҳокимиятга эга бўлган қудратли тоифа ва жамиятнинг қолган аъзолари кўпинча қайси институтларни