МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон
Читать онлайн книгу.мустақилликка эришгандан кейинги самарасиз натижаларида ҳам, қониқарсиз иқтисодий бошқарувга оид бошқа сон-саноқсиз мисолларда ҳам билимсизликни айблаш ноўрин. Ниҳоят, агарда муаммо билимсизликда бўлганда, яхши ниятли ҳукумат раҳбарлари қандай сиёсат билан фуқароларнинг даромадлари ва ижтимоий аҳволини яхшилаши мумкинлигини тезда билиб олиши ва ўша чораларни қўллаши лозим эди.
AҚШ ва Мексиканинг икки хил ривожланиш йўлларини олайлик. Иккала мамлакат ўртасидаги тенгсизликка уларнинг раҳбарлари билимсизлигини рўкач қилиш камида соддалик бўлади. Гап бугунги тенгсизликнинг бошланиши бўлган мустамлакачилик даврида Жон Смит ва Кортеснинг билим ва мақсадлари ўртасидаги хилма-хилликда эмас ёки ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Мексика элитасини жамиятнинг бошқа вакиллари ҳисобига бойишларига шароит яратадиган иқтисодий институтларни ўрнатган Порфирио Диас ҳамда унга тескари сиёсат юргизган AҚШ президентлари Теодор Рузвельт ва Вудро Вильсон билим даражаларида ҳам эмас. Aксинча, гап ўша президентлар ва мамлакат элитаси дуч келган институцион чекловларда эди. Худди шу каби охирги ярим асрда мулк ҳуқуқи ҳимояланмаган, халқнинг катта қисмини қашшоқлаштирадиган иқтисодий институтлар остида ишлашга мажбур бўлган Aфрика давлатлари раҳбарлари ҳам ўша иқтисодий институтларни яхши деб ўйлаганлари учун бундай қилмади. Улар бошқалар ҳисобига бойишлари, жазодан қутулиб қолишлари учун, айни сиёсат – муҳим гуруҳлар ва элитани сотиб олиш усули уларни ҳокимиятда сақлаб қолишини яхши деб билганлари учун шундай қилди.
Гананинг 1971 йилдаги бош вазири Кофи Бусиа тажрибаси билимсизлик назариясининг қанчалик нотўғри эканини кўрсатади. Бусиа даҳшатли иқтисодий инқирозга дуч келганди. 1969 йилда ҳокимиятга келгач, у ўзидан аввалги Нкрумага ўхшаб валюта курсини ошириш орқали беқарор экспанцион иқтисодий сиёсатни ва ҳар турли йўллар билан нархларни назорат қилишни давом эттирди. Нкруманинг мухолифи бўлгани ва демократик ҳукуматни бошқарганига қарамасдан, Бусиа ҳам сиёсий қийинчиликларга дуч келди. Худди Нкрума каби Бусианинг иқтисодий сиёсати ҳам унда билимлар етарли бўлмагани ёки кўрилган чоралар иқтисодий жиҳатдан мақбул ёхуд мамлакатни ривожлантириш учун энг яхши усул деб ишонилгани сабаб жорий этилмади. Унинг сиёсати Бусиага ресурсларни, асосан, шаҳарлардаги сиёсий жиҳатдан қудратли гуруҳларга уларни рози қилиш учун тақсимлаш имконини бергани учун мақбул сиёсат сифатида жорий қилинганди. Нархларни назорат қилиш қишлоқ хўжалиги ҳисобига шаҳарлар аҳолисини арзон озиқ-овқат билан таъминлади ва ҳукумат харажатларини молиялаш учун захира яратиб берди. Бироқ нархларни назорат қилиш сиёсати узоқ давом этмади. Тез орада Ганада тўлов маблағлари ва хорижий валюта етишмовчилиги билан боғлиқ инқирозлар бошланди. Aна шу муаммолар қаршисида Бусиа 1971 йилнинг 27 декабрида Халқаро валюта жамғармаси билан валютанинг кескин девальвациясини ҳам ўз ичига олган келишувни имзолайди.
ХВЖ,