Уч мушкетёр. Александр Дюма
Читать онлайн книгу.ўша куниёқ берилди, янги хизматкор ҳам дастурхонга қарашиб турди. Зиёфат Атос томонидан буюртирилган, хизматкорни эса Портос тавсия қилган эди. Бу шавкатли мушкетёр худди ўша куни, шу зиёфат муносабати билан ёллаган киши пикардиялик эди; у Планшени – хизматкорнинг номи шундай эди – сувга туфлаб ёйилаётган доираларни томоша қилиб турган пайти Ла Турнел кўпригида кўриб қолган эди. Портос бундай машғулот мушоҳадага мойиллик ва тадбиркорликдан далолат беради, деб таъкидлаб, ортиқ суриштирмасдан уни эргаштириб кетди. Планшенинг тахмини, у хизматга кираётган дворяннинг салобатли кўриниши уни ром қилиб қўйди, лекин, ўрин Мушкетон исмли бир шериги томонидан аллақачон банд бўлиб қолганини кўриб, хийла ихлоси қайтиб кетди. Портос рўзғори мўл-кўл бўлгани ҳолда бир хизматкорга муҳтожлиги ва Планшенинг д’Артаньянга хизматга киришига тўғри келишини уқтирди. Бироқ, хўжайини бераётган базмда хизмат қила туриб ва ҳисоблашиш пайти унинг чўнтагидан бир қисм олтин танга чиқарганини кўриб Планше бахтга ёлчидим, деган қарорга келди-да, шундай бойга йўлиққани учун фалакка қуллуқ қилди. Зиёфат ниҳоясига етиб, унинг сарқитлари билан узоқ парҳез учун ўзини сийлагунича у шу кўнгил тўқлигида юрди. Лекин, кечқурун хўжайинига ўрин тўшаётганда унинг ёрқин орзулари тарқади-кетди. Даҳлиз ва ётоқхонадан иборат бутун хонадонда биттагина каравот бор эди. Планше д’Артаньяннинг каравотидан олинган, шу дамдан эътиборан соҳиби қуруқ қолган кўрпага ўралиб, даҳлизда ётди.
Атоснинг ҳам ўзига хос тарзда тарбияланган хизматкори бор эди. Унинг исми Гримо эди. Бу мўътабар жаноб – биз, албатта, Атосни назарда тутяпмиз – жуда камсухан эди. Мана, беш ёки олти йилдирки, улар Портос ва Арамис билан ораларидан қил ўтмасдан кун кечирардилар. Шу орада дўстлари унинг юзида табассумни бир неча бор кўришган, лекин ҳеч қачон кулгисини эшитмаган эдилар. Унинг сўзлари қисқа ва фасиҳ бўларди, у ҳамиша айтмоқчи бўлган гапини айтарди, холос, ортиқ ҳеч нарса: ҳеч қандай муболаға, ҳашам, гўзаллик қўшмасди. У тафсилотларга тўхталмасдан фақат моҳиятини гапирарди.
Атоснинг ёши ўттиздан ошмаган, бўй-басти ҳам, дили ҳам гўзал бўлса-да, ҳеч ким унинг маъшуқаси борлигини эшитмаганди. У ҳеч қачон аёллар ҳақида гапирмас, лекин, гарчи, ўзи аҳён-аҳёнда аччиқ сўз ёки ҳазин фикр қўшгувчи бу хил суҳбат унинг учун ўта кўнгилсизлигини пайқаш осон бўлса-да, ўзгаларнинг бу мавзуда гапиришига халал бермасди. Сиполиги, одамови, камсуханлиги уни деярли чол қилиб қўярди. Шунинг учун ўзининг одатларини ўзгартиришни лозим ҳисобламай, талабларини ўрнига қўйишга Гримони ўргатиб олган: у оддий ишора ёки лабларининг хиёл қимирлашига итоат қиларди. Атос у билан энг ғайри оддий ҳоллардагина сўзлашарди.
Гарчанд, хўжайинига қаттиқ меҳри тушиб, ақлига сажда қилса-да, ундан оловдан қўрққандай ҳайиқадиган Гримо истагини уқдим, деб ошиқиб, Атос ихтиёр қилган нарсанинг айни аксини бажарган дамлар ҳам бўларди. Шунда Атос елкаларини қисиб қўяр ва заррача жаҳлсиз Гримони дўппосларди. Бундай кунларда у хийла гапирадиган бўлиб қоларди.
Портос, биз аллақачон